Бугун, 29 апрель куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Hyundai автомобили Kavaski русумли моторанспорт воситаси билан тўқнашиб кетди ва оқибатда Kavaski ҳайдовчиси вафот этди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 09:40 ларда Юнусобод тумани КҲАЙ кўчасида ҳайдовчи 1991 йилда туғилган М.А. бошқарувидаги Hyundai русумли транспорт воситаси ва 1986 йилда туғилган З.Ш. бошқарувидаги Kavaski русумли моторанспорт воситаси тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ушбу воқеа оқибатида Kavaski русумли моторанспорт воситасининг ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.