29 апрель куни Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё маҳаллий аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди ва у Silk Avia авиакомпаниясининг ATR-72−600 самолётида амалга оширилган биринчи техник парвозни қабул қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.
Аэродромнинг сунъий сиртки қисми капитал таъмирланди, яъни узунлиги 1550 метр, эни 35 метр бўлган учиш-қўниш йўлагининг бутун узунлиги бўйлаб икки қатламда, юриш йўлаги ҳамда иккита АТR-72−60 самолёти учун тўхташ жойлари мавжуд перрони асфалт-бетон билан мустаҳкамланди.
"1976 йилдан буён бугун амалга оширилган техник рейс аэродромнинг АТР-72 русумли ва қуйи тоифадаги ҳаво кемаларини қабул қилиш ва учиришга тўлиқ тайёрлигини кўрсатди", — дейилади Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарида.
100 нафаргача йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилиши ҳам ниҳоясига етмоқда. Барча ишлар якунлангач, бир ой ичида Сариосиё аэропортига мунтазам рейслар амалга оширилиши режалаштирилган.