Трамп даврида ишдан бўшатилган федерал хизматчилар сони аниқланди.
Дональд Трамп президентлик фаолиятининг илк уч ойида камида 121 минг нафар федерал хизматчи ишдан бўшатилган. Бу кўрсаткич Америкадаги бошқа соҳалардаги ишдан бўшатишлар сонидан икки баробарга кўпдир. CNN телеканали таҳлилида шу ҳақда маълум қилинган.
Challenger, Gray & Christmas халқаро кадрлар агентлиги маълумотларига асосан, ишдан бўшатилган давлат хизматчилари сони 280 минг нафарга етиши мумкин.
Ишдан бўшатишларнинг илк йирик тўлқини 14 февралда бошланган ва АҚШ оммавий ахборот воситалари томонидан "Валентин куни қатлиоми" деб номланган. Март ойига келиб, бу жараён юқори чўққисига чиққан ва шундан сўнг қисқартиришлар сони пасайишни бошлаган, деб хабар беради CNN.
Барча давлат органлари орасида энг катта босимни АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – USAID бошидан кечирди. Бир неча ойлик қисқартиришлардан сўнг, Давлат департаменти агентликни расман ёпилишини эълон қилди.
Шунингдек, АҚШ Турар жой қурилиши ва шаҳар ривожланиш вазирлигининг тахминан 84% ходимлари ишдан бўшатилган. Таълим вазирлигида – 51%, Ветеранлар ишлари бўйича вазирликда – 15%, Миллий соғлиқни сақлаш институтларида – 10% қисқартириш амалга оширилган.
CNN тайёрлаган ҳисобот федерал агентликлар маълумотлари, ходимларнинг шахсий билдиришлари, расмий ҳужжатлар, ҳукумат мулозимларининг баёнотлари, ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари нашрларига асосланган. Шу билан бирга, ушбу таҳлил ишга тикланганлар, маъмурий таътилда бўлганлар ёки ўз хоҳиши билан ишдан кетганлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олмайди.
Абдуллоҳ Саййид