Андижон вилоятида 2 килограмм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини 27 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Пахтаобод туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган эркак ошхоналардан бирида махсус харидорга соф оғирлиги 2 килограмм бўлган "гашиш" гиёҳвандлик воситасини 27 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






