Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) Формула-1 техник регламентларини ишлаб чиқишда сунъий интеллект ва Amazon Web Services (AWS) булутли ҳисоблаш технологияларидан фойдаланишини маълум қилди. Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
FIA президенти Муҳаммад бин Сулайимнинг таъкидлашича, замонавий технологияларни федерация фаолиятига жорий этиш автоспортда иштирок этиш жараёнларини соддалаштириш ва аъзо клублар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
"FIA фаолиятига замонавий булутли технологиялар ва сунъий интеллектга асосланган ечимларни жорий этиш орқали ҳайдовчилар, расмийлар ва кўнгиллилар учун иштирок этиш жараёнини соддалаштириш, аъзо клубларимиз самарадорлигини ошириш ҳамда бутун дунё бўйлаб автоспорт иштирокчилари сонини икки баравар кўпайтириш мақсадимизга яқинлашиш имконига эга бўламиз", — деди у.
Федерация маълумотига кўра, AWS янги техник қоидаларни ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутади. FIA’нинг техник ва муҳандислик гуруҳлари хавфсизликни таъминлаш ва мусобақалар самарадорлигини оширишга қаратилган регламентларни такомиллаштириш учун сунъий интеллект воситаларидан фойдаланади.
Шунингдек, FIA аэродинамик моделлаштиришда AWS’нинг юқори унумли ҳисоблаш технологияларини қўлламоқда. Бу орқали автомобилнинг жисмоний деталларини ишлаб чиқармасдан, виртуал муҳитда ҳаво оқимини синовдан ўтказиш мумкин.
Янги технологиялар техник ечимларни ишлаб чиқишга кетадиган вақт ва харажатларни қисқартириш, шунингдек, регламентларни янада самарали такомиллаштириш имконини бериши кутилмоқда.






