АҚШга учадиган ўзбекистонликлар 3 ноябрдан кучга кирадиган янги талабдан хабардор қилинди. Унга кўра, АҚШга хорижий давлатлардан келадиган барча йўловчилар, жумладан, транзит йўловчилар ҳам Конго Демократик Республикасида бўлмаганини тасдиқловчи декларацияни тўлдириши керак. Бу ҳақда "Uzbekistan Airways" авиакомпанияси маълум қилди.
Қайд этилишича, янги талаб АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари томонидан жорий этилмоқда.
Талабга мувофиқ, йўловчилар АҚШга учишдан олдинги 21 кун давомида Конго Демократик Республикаси ҳудудида бўлмаганини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириб, имзолаши шарт.
Бунда мамлакат аэропорти орқали транзитдан ўтиш ҳам Конго Демократик Республикаси ҳудудида бўлганлик сифатида баҳоланади. Ҳатто йўловчи самолётдан ёки аэропортдан чиқмаган тақдирда ҳам ушбу талаб амал қилади.
18 ёшга тўлмаган йўловчилар учун декларацияни уларнинг ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахс тўлдириб, имзолаши лозим.
Декларацияни тақдим этмаган йўловчилар рейсга қўйилмайди. Била туриб ёлғон маълумот тақдим этиш эса АҚШ қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Йўловчиларга парвоздан олдин янги талаблар билан танишиб чиқиш ва декларацияни аэропортга келишдан аввал тайёрлаб қўйиш тавсия этилган.






