АсосийДУНЁ

"Дунё ишонч инқирози даврига кирди" — Тоқаев

Давлат раҳбари назоратсиз миграция оқимлари ҳам ортиб бораётганини қайд этди.

'"Дунё ишонч инқирози даврига кирди" — Тоқаев'ning rasmi

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев халқаро майдонда қарама-қаршиликлар кучайиб, йирик давлатлар ўртасида ўзаро ишонч инқирози чуқурлашаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти пасайиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг обрўси билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Бу ҳақда "Zamon.uz" хабар берди.

Тоқаев бу ҳақда мамлакат халқига йўллаган йиллик мурожаатида сўз очган. Унинг айтишича, бугунги кунда давлатлар ўртасида ўзаро айбловлар ва яширин қарама-қаршиликлар кучайиб бормоқда. Айниқса, йирик ва нуфузли давлатлар ўртасидаги ишончсизлик халқаро вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.

"Бугунги кунда давлатлар ўртасида асоссиз ўзаро айбловлар ва яширин қарама-қаршиликлар кучайиб бормоқда, йирик ва нуфузли кучлар ўртасида чуқур ўзаро ишонч инқирози юзага келди", — деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари назоратсиз миграция оқимлари ҳам ортиб бораётганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат айрим Европа мамлакатлари хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатган.

Тоқаев замонавий дунё ноаниқлик ва беқарорлик даврига кирганини таъкидлаб, ҳозирги халқаро вазиятни мураккаб ва олдиндан башорат қилиш қийин бўлган ҳолат сифатида баҳолади. Унинг фикрича, ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам бугунги каби вазият кузатилмаган.

Шунингдек, Қозоғистон Президенти мамлакат мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини билдирди. У мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва тараққиётга эришишда жамият бирлиги муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

"Бирлик ва келишувсиз ҳеч қандай ислоҳотлар ёки тараққиёт бўлмаслиги мутлақо аниқ", — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

    Бошқа янгиликлар