Россия дронлари Украинанинг Днепр ва Чернигов шаҳарларига зарба берди. Ҳужумлар оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа ва Днепр шаҳри мэри Борис Филатов ҳужум ҳақида маълумот берган.
Қайд этилишича, Днепр шаҳрида Днепр—Запорожье йўналишида ҳаракатланувчи 866-сонли поезд турган платформалардан бирига зарба берилган. Оқибатда 13 киши ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳатланган.
Шунингдек, Россия Чернигов шаҳрига ҳам зарба берган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ҳужум шаҳар марказида содир бўлган. Оқибатда 15 ёшли икки қиз ҳалок бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Черниговда тўққиз киши, жумладан, икки нафар бола жароҳатланган. Шаҳар кенгаши эса жабрланганлар сони 11 нафарга етганини маълум қилган. Ҳужум оқибатида иккита автомобиль ёниб кетган, дўконлардан бирида ҳам ёнғин чиққан.
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Европа давлатларини Россия ҳужумларига нисбатан қатъийроқ чоралар кўришга ҳамда Москвага қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди.
“Россиянинг бу уруши давом этар экан, Москва ва унинг ҳарбий тизимига қарши санкциялар юмшатилмаслиги керак. Европа Иттифоқи, АҚШ ва G7 томонидан янги, янада кучли санкциялар жорий этиш вақти келди”, — деди Зеленский.
Қайд этилишича, 2026 йил бошидан буён Россия ҳужумлари оқибатида Украинанинг 1 700 та темир йўл инфратузилмаси объекти зарар кўрган. Жумладан, 120 та йўловчи вагони, 304 та локомотив ва 43 та темир йўл станцияси шикастланган. Шу даврда 50 нафар темир йўл ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда ҳалок бўлган.
Ҳужумлар кучайгани сабабли Украинада темир йўлда хавфсизлик чоралари ҳам оширилган. Ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинганда йўловчилар поездлардан эвакуация қилинмоқда. Айрим ҳолларда бир қатнов давомида бир неча марта эвакуация ўтказишга тўғри келмоқда.
Бу эса поездлар ҳаракатида сезиларли кечикишларга сабаб бўлмоқда. Масалан, Днепр—Одесса йўналишидаги поездлар 5 соатдан 12 соатгача кечикиши мумкин.






