Аввалроқ, таниқли санъаткор Дилфуза Исмоилова ўзи қатнашадиган “гап”да танишган аёлга ишониб, 80 минг долларга чув тушгани, фирибгарлик билан боғлиқ мазкур иш жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди. Кеча, 29 апрель куни суд судланувчига нисбатан ҳукм чиқарди. darakchi.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳукмига кўра, муқаддам фирибгарлик ва мансаб сохтакорлиги бўйича судланган судланувчи М.Ж. бу сафар ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Судланувчи М.Ж.га юқоридаги моддаларда назарда тутилган ҳар турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, судланувчи М.Ж.дан жабрланувчи Дилфуза Исмоилова фойдасига 80 минг АҚШ доллари ҳукм чиқарилган кундаги сўмга нисбатан қийматда, яъни 1 млрд 35 млн 848 минг сўм етказилган моддий зарар миқдори ундирилиши белгиланган.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан судланувчидан қолган жабрланувчилар фойдасига ҳам (Ш.Ж.га 250 млн сўм, Х.А.га 300 млн сўм, Г.К.га 252 млн сўм) ундириш тайинланган.
Жабрланувчиларга қолган моддий зарар ва маънавий зиённи ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган.