АсосийЖамият

Тошкентда салкам 600 минг дона қалбаки дори ишлаб чиқарганлар ушланди

Яширин цехда тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва хавфсизлиги кафолатланмаган 49 номдаги 594 127 дона дори воситалари топилган.

'Тошкентда салкам 600 минг дона қалбаки дори ишлаб чиқарганлар ушланди'ning rasmi

Тошкент вилоятида сал кам 600 минг дона қалбаки дори ишлаб чиқарган яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ДХХ ходимлари томонидан божхона идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилгпн тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган шахс томонидан ижара асосида олинган Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у нафақат қалбаки дори-восититаларни ишлаб чиқариш, балки унинг ноқонуний савдоси билан ҳам шуғулангани аниқланган.

Дори воситаларини тайёрлашга мўлжалланган яширин цехда тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва хавфсизлиги кафолатланмаган 49 номдаги 594 127 дона “Фуцис”, “Просульпин”, “Урсосан”, “Арбидол” ва бошқа дори воситалари топилган. Бу дорилар 50 та асбоб-ускуналар, ҳусусан станок ва қолиплар ёрдамида қўлбола усулда тайёрлаб келинган. Шунингдек, у ерда сифат талабларига жавоб бермайдиган 168 кг дори воситаларининг ҳомашёлари, этикетлари, йўриқномалар, қоғоз қутилар, бўш идишлар ҳамда капсулалар ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу шахснинг Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги яшаш хонадони ҳам холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 2 турдаги 28 640 дона тиббиёт дори воситалари, 2 турдаги 75 дона ампула, 2 турдаги 46 дона идишда суюқлик, 3 номдаги 26 та турли дори воситаларининг этикеткалари, номсиз 18 280 дона суппозиторийлар ва уларнинг маркалари, 1 номдаги 40 дона капсула, шу билан бирга турли хил номдаги дори воситаларининг бўш қутилари ҳамда 3 дона темир қолиплар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. 

Терговга қадар текширув давомида яширин цех ташкилотчиси дори воситаларини тайёрлаш учун керакли хомашёларни интернет тармоғи орқали номаълум шахслардан буюртма орқали сотиб олгани аниқланган. 

Билдирилишича, ашёвий далил сифатида олинган мазкур дори воситалари ва асбоб ускуналарнинг умумий қиймати қарийб 10 млрд сўмни ташкил қилади.

“Таъкидлаш лозимки, қўлбола усулда ишлаб чиқарилган дори воситалари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятидаги бир нечта дорихоналарга тарқатилган  бўлиб, давом эттирилган фаол тадбирлар натижасида мазкур дори  воситаларининг савдосига чек қўйилди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ҳозирда цех ташкилотчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 186 прим 3 моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мазкур йўналишда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирда эса Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 йилда туғилган шахс ва унинг шериги пойтахтдаги банклардан бирининг 1996 йилда туғилган ходими ўзаро келишган ҳолда Хитой давлатидан олиб келинган 798 та қутидаги 574 560 дона инфузион система тиббий буюмларини 55 минг 700 АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тегишли хулосага кўра, умумий қиймати 1 млрд сўмни ташкил қилган мазкур тиббий буюмлар фойдаланишга яроқсиз ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш, сотиш, ташиш ва тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади.

Ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 прим 3 моддаси (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар