Йўл қўйилган камчилик ва хатолар учун соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари Даврон Султанов, Фаррух Шарипов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент 7 май куни ўтказган йиғилишда маълум қилинди.
Мазкур тадбирда давлат раҳбари соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омоновни 6 ойда рақамлаштиришда ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирди.
Прездиент матбуот хизматининг хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тиббий суғуртани жорий қилиш сурункали сурилиб келаётгани кескин танқид қилган.
Тошкент шаҳрида 2024 йили, Қорақалпоғистон, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё ва Хоразмда бу йили ушбу тизим ишга тушиши керак эди. Суғурта жамғармаси фақат тайёр пулни тақсимловчига айланиб қолган.
"Белгиланган ислоҳотларимиз қанчалик тўғри бўлмасин, тизим рақамлашмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз", — деди президент.
Лекин мутасаддилар тизимни тўлиқ рақамлаштириш у ерда турсин, оддий "электрон рецепт"ни ҳам ишга тушира олмаган. "Электрон поликлиника", "Электрон шифохона"ни жорий этишда ҳам жиддий оқсоқликлар бор.
"Вазирлик раҳбарлари дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлмаса, масъулиятни ҳис қилиб, сўровни кучайтирмаса, ислоҳотлар маҳаллагача етиб бормайди", — деди давлат раҳбари.