Тошкент шаҳрида вояга етмаган қизга шаҳвоний шилқимлик қилиб, унинг суратини интернетда тарқатган ҳамда қизнинг онасини ҳақоратлаган 19 ёшли йигит қамалди. darakchi.uz суд қарори билан танишди.
Суд ҳужжатида қайд этилишича, 2006 йилда туғилган судланувчи И.Д. жорий йилнинг 25 апрель куни вояга етмаган Ж.М.га шаҳвоний шилқимлик қилиб, унинг оёғи сон қисмидан ушлаб, қизнинг оёғи сон қисмини очиқ холда фото тасвирга олиб, мазкур фото тасвир ва Ж.М.нинг юзи тасвирланган фото суратнинг устига унинг қадр-қимматини камситилишига ва унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган уятли ёлғон ёзувларни ёзиб, Instagram'да тарқатган.
Бундан ташқари, И.Д. қизнинг онаси З.Т.ни телефон орқали уятли сўзлар билан ҳақорат қилган.
Мазкур иш жорий йилнинг 7 май куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида кўриб чиқилган. Судда И.Д. юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганига иқрорлик билдириб, қилган ишидан пушаймонлигини, келгусида бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтиб, оилавий шароитини инобатга олиб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган. Суд қарорига кўра, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41- моддаси (ҳақорат қилиш), 411- моддасининг (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисми, 2022- моддасининг (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга 26 миллион 250 минг сўм жарима ҳамда 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.