Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 9 май куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди. Тадбирда Хитой Раиси Си Цзиньпин, Бразилия Президенти Лула да Силва, Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Куба Президенти Мигель Диас-Канель, Венесуэла Президенти Николас Мадуро ва бошқалар ҳам қатнашди.
Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба миллионлаб инсонларнинг жасорати, матонати ва фидойилиги натижасидир. Бу улуғ мақсадга эришишда кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор.
Уруш бошланган пайтда республикамиз аҳолиси 6 миллион нафардан зиёд эди. Уруш йилларида икки миллионга яқин ўзбекистонлик фронтга жўнатилди. 538 мингдан зиёд киши жанг майдонларида ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолди.
Кўрсатган мардлиги ва жасорати учун Ўзбекистондан 214 мингдан зиёд аскар ва офицер жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. Ватандошларимиздан 301 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, яна 70 киши "Шуҳрат" орденининг барча даражалари соҳиби бўлди.
Ўзбек халқи меҳнат борасида ҳам улкан жасорат кўрсатди. Мамлакатимиз фронтнинг ишончли таянчига айланди: бу ердан озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, қурол-яроғ ва бошқа зарур ресурслар узлуксиз жўнатиб турилди. Қисқа муддатда Ўзбекистон ҳудудида 170 дан ортиқ эвакуация қилинган корхоналар жойлаштирилгани мудофаа саноатининг узилишларсиз ишлашини таъминлади.
Ўша оғир йилларда Ўзбекистон халқи юксак инсонпарварлик намунасини кўрсатиб, фронтолди ҳудудларидан эвакуация қилинган 1,5 миллиондан ортиқ кишини, жумладан, 250 мингдан зиёд етим болаларни қабул қилди.
Ўзбек халқининг уруш йилларидаги жасорати халқаро ҳамжамиятда кенг эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларининг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкентда улуғвор "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Ғалаба паради якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва бошқа давлат раҳбарлари билан биргаликда Александр боғидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйди.
Ушбу ёдгорлик ғалаба йўлида мислсиз жасорат кўрсатган ва жон фидо қилган миллионлаб жангчилар, жумладан, Ўзбекистон фарзандлари хотирасига ўрнатилган.
Маросим бир дақиқалик сукут ҳамда фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг тантанали юриши билан якунланди.