Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистонни Кашмир минтақасида дрон ҳужумлари уюштириш ва ҳарбий объектларга зарба беришда айблади. Вазир ўринбосари Викрам Мисрининг таъкидлашича, бу билан Покистон аввал эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувини бузган, дея ёзмоқда "Замон.уз".
“Покистон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича битимни бузди. Ҳиндистон армияси ҳозирда зарурий жавоб чоралари кўрмоқда”, — деди Мисри.
Ҳиндистон томони Исломободни вазиятни зудлик билан назоратга олишга чақирди. Расмийлар ҳарбий кескинликнинг ошишига йўл қўйилмаслигини таъкидламоқда.
Покистон бош вазири Шабоз Шариф эса Ҳиндистон томонидан илгари сурилган айбловларни қатъиян рад этди.
“Покистон мустақиллигига шубҳа қилган ҳар қандай томон билсин: биз ўз ҳимоямиз учун барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз”, — дея баёнот берди Шариф.