Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси, собиқ биринчи хоним Сара Алписовна Назарбоева 84 ёшида Алматида вафот этди, деган хабар тарқалди. Бу ҳақда YEDILOV ONLINE телеграм-канали муаллифи Ербол Едилов маълум қилди.
«Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг турмуш ўртоғи, 85 ёшга кирган Сара Назарбоева оламдан ўтди. Яқинлари ва оиласига чуқур таъзия билдираман. Имони саломат бўлсин», — деб ёзди Едилов.
Бироқ орқадан у мазкур постни ўчирди ва Сара Алписовна ҳали тирик эканини маълум қилди. Шу билан бирга, у аввалги қора-оқ суратни рангли тасвир билан алмаштирди.
Маълумотларга кўра, Сара Назарбоева сўнгги кунларда Алматидаги Президент ишлари бошқармасининг Миллий госпитали (“Совминка”)да танаси оғир ҳолатда бўлган. Унинг шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабар 2025 йил 5 май куни пайдо бўлганди.
Айрим манбаларга кўра, унинг аҳволини қозоғистонлик ва хорижлик шифокорлар назорат қилган, бироқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмагани айтилмоқда.
Шунингдек, Қозоғистон Мажлиси депутати Даулет Муқаев ҳам унинг вафоти ҳақида ёзган:
«Сара Алписқизи дунёдан ўтди. Имон байлигини тилайман… Аллоҳ паноҳида бўлсин», — деб, у ҳам қора-оқ суратни илова қилган.
Бироқ бу хабарга зид равишда, журналист Асет Матаев Сара Назарбоева тирик эканини билдириб, бу ажиотажни «Совминка» ҳудудига Нурсултон Назарбоевнинг ташрифи билан изоҳлади.
«Сара Алписовна тирик. Унга Нурсултон Назарбоев тез-тез ташриф буюради. Буни бир неча ишончли манбалар тасдиқлади», — деди Матаев.
Айни пайтда, Сара Назарбоеванинг вафоти расмий равишда тасдиқланмаган.
Биография
Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. У Нурсултон Назарбоев билан никоҳда бўлиб, уч нафар қизи бор. Ёшлигида ишлаб чиқаришда меҳнат қилган, кейинчалик иқтисодчи мутахассислиги бўйича таълим олган.
1992 йилда “Бўбек” номли хайрия жамғармасини ташкил қилган, бу ташкилот етим болаларни қўллаб-қувватлаш ва мактабларда “Ўзини англаш” дастурини жорий этиш билан шуғулланган.
Фаолияти учун қўшни ва халқаро ташкилотлар томонидан болалар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги ҳиссаси учун мукофотланган.
Сара Назарбоева 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистоннинг расмий биринчи хонимаси бўлган. 2023 йилда оммавий ахборот воситалари унинг қайта ўзининг қизлик фамилияси — Қонақайга қайтганини хабар қилишган. Манбаларга кўра, оила аъзолари ҳозирча Алматида бўлишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 26 декабрда BES.media телеграм-канали нотўғри равишда унинг вафоти ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ таҳририят буни техник хатолик деб изоҳлаб, расман узр сўраган. Ўшанда Нурсултон Назарбоев матбуот хизмати Сара Назарбоева тириклигини расман маълум қилганди.
14 май 2025 йил куни эса “Курсив” нашри мухбири Никита Данилин “Совминка” ҳудудида ҳақиқий вазиятни аниқлаш учун борган, бироқ уни шифохона ҳудудидан чиқиб кетишга мажбур қилишган ва "муаммолар бўлиши" билан таҳдид қилишган.
Абдуллоҳ Саййид