АсосийСиёсат

Термизда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга бағишланган катта Форум бўлиб ўтади

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишида дунё давлатларидан 200 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.

'Термизда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга бағишланган катта Форум бўлиб ўтади'ning rasmi

Минтақалараро сиёсий ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида ҳамкорлик механизмлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида “Умумий тинчлик, дўстлик ва фаровонлик барпо этиш” мавзусида Марказий 
ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Форумда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ давлатлари, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ ва Африкадан 200 га яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида сиёсий-иқтисодий, ишбилармон доиралар, молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, дунёнинг таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларининг етакчи экспертлари мавжуд.
“Термиз майдони” кенг Евроосиё маконида минтақалараро ўзаро боғлиқликни янада кучайтириш ҳамда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш истиқболларини белгилаш учун доимий платформага айланиши кўзда тутилган.
Маълумки, Марказий ва Жанубий Осиё савдо, маданий 
ва сиёсий жараёнлар доирасида бир-бири билан чамбарчас боғланган. Географик яқинлик ва қадимий савдо йўллари халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги фаол мулоқотга, товарлар ва маданият алмашинувига, минтақанинг умумий тарихий-маданий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилган. Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач, Жанубий Осиёга нисбатан ўз ташқи сиёсий ва иқтисодий стратегияларини босқичма-босқич амалга ошира бошладилар.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг стратегик жойлашуви, табиий ресурсларга бойлиги, демографик салоҳияти ва тарихий мероси билан белгиланадиган аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, бу минтақалар илмий тадқиқот мавзуси бўлиб қолмоқда. Хусусан, минтақавий хавфсизлик комплекси нуқтаи назаридан олимлар Марказий ва Жанубий Осиёни иккита мустақил ва тенг ҳуқуқли минтақа сифатида кўриб чиқадилар. БундаАфғонистоннинг Жанубий ва Марказий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги 
ва босқичма-босқич яқинлашувини таъминлайдиган минтақавий хавфсизлик комплексининг асосий элементи сифатидаги роли трансформация қилинаётганини таъкидлаш лозим.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу ўринда, мамлакат минтақада тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган конструктив ташқи сиёсий ташаббусларни фаол илгари суриб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ўзаро боғлиқликнинг локомотиви бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақалар ўртасидаги ўзаро алоқаларга бўлган қизиқишни инобатга олган ҳолда, 2021 йил июль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва БМТ Бош Ассамблеяси муҳокамасига киритиш таклиф этилди. Натижада, 2022 йил июль ойида БМТга аъзо давлатлар ушбу резолюциянинг қабул қилинишини бир овоздан маъқулладилар, бу эса ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, минтақа билан мулоқот ўрнатиш, тинчлик ва барқарорликни сақлашда мамлакатимизнинг роли ва обрўси эътироф этилишининг яна бир ёрқин далили бўлди.
Таъкидлаш жоизки, резолюцияда давлатларга Марказий ва Жанубий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликка умумий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, транспорт инфратузилмаси ва ахборот-коммуникация технологияларини кенгайтириш, шунингдек, денгиз портларига қулай, барқарор, тижорий жиҳатдан фойдали, арзон, инклюзив ва хавфсиз йўлларни очадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш орқали минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш 
ва ривожлантириш таклиф этилган.
Бу жараёнларда Термиз ҳам минтақавий хавфсизликни таъминлаш, ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан икки минтақани боғлайдиган ўзига хос майдонга айланиши мумкин. Шу ўринда тарихан халқлар ва цивилизациялар мулоқоти, савдо-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантириш марказларидан бири ҳисобланган Термиз шаҳри кўп асрлар давомида минтақада стратегик жиҳатдан муҳим ўрин тутганлигини қайд этиш жоиз. Жумладан, Кушонлар империяси даврида Термиз турли цивилизациялар фаол ҳамкорлик қилган муҳим маданий марказларидан бири бўлган. Шаҳар Марказий ва Жанубий Осиёда кенг тарқалган буддавийлик санъати ва адабиётини етказувчи муҳим боғловчи нуқта вазифасини бажарган. Бундан ташқари, географик нуқтаи назардан Термиз Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи шаҳар ҳисобланган. У Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири ҳам бўлган.
Замонавий босқичда шаҳар “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиялари каби бир қатор транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилмоқда. Умуман олганда, Термиз майдонининг аҳамияти қуйидагилар билан изоҳлаш мумкин:
Биринчидан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш кесимида Термиз шаҳри ҳар доим марказий ўринни эгаллаб келган.11/09/2001 воқеаларидан сўнг бу ерда 2002 йилдан 2015 йилгача фаолият юритган 
ва Афғонистондаги Халқаро хавфсизлик кучлари учун гуманитар юклар логистикасини таъминлаган “Термиз стратегик ҳаво-транспорт пункти”жойлаштирилди. Бу тажриба шаҳарнинг ҳарбий беқарорлик шароитида хавфсиз кесишиш ва таъминот пункти сифатидаги аҳамиятини янада кучайтирди.
Бундан ташқари, Термиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлар билан терроризм, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши кураш бўйича қўшма ташаббуслари доирасида фаол фойдаланилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Афғонистонни боғловчи “Дўстлик кўприги” нафақат одамлар ва юклар ҳаракатини назорат қилишни таъминлашда, балки минтақавий хавфсизликни таъминлашдамуҳим аҳамиятга эга бўлган Афғонистондан келаётган гиёҳванд моддаларнинг (шу жумладан, синтетик наркотиклар) ноқонуний айланишини олдини олишда ҳам муҳим роль ўйнайди (масалан, Сурхондарё вилоятидаги “Айритом” чегара божхона пости ходимлари 2022 йилнинг март ойида умумий оғирлиги 154 кг ва жорий йилнинг февраль ойида 612 кг бўлган гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб киришга уринишнинг олдини олишган).
Бир вақтнинг ўзида, Термиз чегара масалаларини конструктив ҳал этиш майдони ҳам ҳисобланади. Хусусан, 2024 йил 22-28 август кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон-Тожикистон қўшма демаркация комиссияси ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг лойиҳа демаркация чизиғидан ўтишини келишиш бўйича қўшма ишлар давом эттирилди, унинг якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.
Иккинчидан, Термиз шаҳрининг Марказий ва Жанубий Осиёда узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг моддий асоси сифатидаги савдо-иқтисодий ва логистика аҳамияти унинг стратегик жойлашуви 
ва замонавий логистика инфратузилмаси билан белгиланади. Жумладан, 2022 йилда “Термиз карго маркази” терминали Афғонистон ва Жанубий Осиё мамлакатларига юк оқимларига хизмат кўрсатувчи халқаро кўп функцияли логистика хаби мақомини олди. Бу ўз навбатида, унинг халқаро гуманитар инфратузилмадаги мавқеини оширди (2025 йилдан бошлаб у БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг Глобал таъминот тармоғига интеграция қилинди) ва гуманитар ёрдам етказиб бериш географиясининг кенгайишига ҳисса қўшди (2022 йилда Термиздан Покистондаги сув тошқинидан жабрланганларга гуманитар ёрдам ҳаво йўллари орқали етказилган, 2021-2022 йилларда БМТ ҚБОКнинг Термиздаги минтақавий гуманитар логистика маркази Афғонистонга 217 та юк машинасини энг зарур нарсалар билан жўнатди). Таъкидлаш жоизки, Термиз инфратузилмаси халқаро ташкилотлар томонидан Жанубий Осиёга озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш учун фаол жалб этилмоқда, бу эса ижтимоий кескинликни камайтириш ва гуманитар инқирозлар туфайли юзага келиши мумкин бўлганможаролар кучайишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, 2024 йил август ойида қулай ишбилармонлик 
ва логистика муҳитини яратиш, маъмурий жараёнларни соддалаштириш 
ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитларни яратишга мўлжалланган “Термиз” халқаро савдо марказининг очилиши, бир томондан, шаҳарнинг иқтисодий жозибадорлигини оширса, иккинчи томондан, Марказий 
ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишини рағбатлантиради. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 3 мингта савдо нуқталари жойлашган ушбу Марказ ҳудудида (Афғонистон билан чегарадан 500 метр узоқликда жойлашга ва 37 гектар майдонда жойлашган) ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий этилган.
Бу йўналишда Термиз икки томонлама иқтисодий алоқалар учун мақбул майдон ҳам ҳисобланади. Хусусан, жорий йилнинг март ва апрель ойларида Афғонистон савдо вазири Н.Азизий бошчилигидаги афғон делегацияси вакиллари ва Балх вилояти ишбилармон доиралари Термиз шаҳрига ташриф буюриб, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва тоғ-кон саноати каби соҳаларда кооперацияни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томони билан учрашув ўтказди.
Учинчидан, Термиз шаҳрининг маданий-гуманитар салоҳияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ташкил этилди. Мазкур таълим муассасаси 17 та олий таълим йўналиши ҳамда 
16 та ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими йўналиши бўйича фақат афғонистонликларга таълим берадиган дунёдаги ягона таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг фаолияти давомида Афғонистоннинг 700 га яқин фуқароси ўқитилиб, улардан 200 дан ортиғини қизлар ташкил этади.
Муассаса БМТ Тараққиёт дастури, Европа Иттифоқи, Германия, Словакия, Ҳиндистон каби донор мамлакатлар ва хорижий ташкилотлар билан халқаро алоқалар ва ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлайди. Жумладан, 
2023 йил январь ойида ушбу таълим муассасаси негизида Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва тайёрлаш учун “ЕИ билим маркази” очилди 
(бу ҳамкорликда ишлаш, ўз-ўзини ўқитиш ва касбий алоқаларни ўрнатиш учун платформа тақдим этувчи коворкинг майдони ҳисобланади). Умуман олганда, Термиз шаҳрида Афғонистон учун таълим марказининг ташкил этилиши ушбу мамлакат фуқаролари учун сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, касбий тайёргарлик учун таълим муҳити 
ва технологияларни таъминлаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, барқарор иқтисодий ўсиш ва янги ривожланиш имкониятларига эга бўлган, жадал ривожланаётган Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси ўзининг бой ресурслари, иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши, демографик салоҳияти, умумий вазифалари ва географик яқинлиги билан катта салоҳиятга эга. Бу борада Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар икки минтақани ягона ҳамкорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш макони доирасида бирлаштиришга қаратилган.
Шу маънода, бугунги кунда хавфсизлик муаммолари бўйича форумни таъсис этиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у хавф-хатар ва таҳдидларга биргаликда қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиш учун майдон бўлиши мумкин. Бу минтақалараро хавфсизлик архитектурасини шакллантириш ва мустаҳкамлашга, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2021 йилда терроризм, экстремизм, наркотрафик таҳдидларига қарши курашиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тўғрисидаги таклифига мос келади.
Ушбу жараёнларда “Термиз майдони” нафақат Марказий ва Жанубий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича конструктив механизм, балки минтақалар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини ривожлантиришда қўшимча восита бўлиши мумкин. Шу билан бирга, хавфсизлик масалалари, жумладан, терроризм, экстремизм 
ва наркотрафикка қарши курашиш, шунингдек, транспорт, туризм ва таълим соҳаларидаги муносабатларни ривожлантириш ҳар икки минтақа учун ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади.

Аслиддин Гуламов,
доцент

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Шавкат Мирзиёев Тоқаевни туғилган куни билан табриклади'ning rasmi

    Сиёсат Бугун 13:59

    Шавкат Мирзиёев Тоқаевни туғилган куни билан табриклади

    Икки давлат етакчилари телефон орқали мулоқот қилди.

    'Президент Венгрия ва Словенияга ташриф буюради'ning rasmi

    Сиёсат 16.05.2025 19:33

    Президент Венгрия ва Словенияга ташриф буюради

    Кун тартибидан икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

    'Жаҳонгир Аҳмедов Болалар контентини ривожлантириш марказига директор этиб тайинланди'ning rasmi

    Сиёсат 15.05.2025 15:47

    Жаҳонгир Аҳмедов Болалар контентини ривожлантириш марказига директор этиб тайинланди

    Ўзлаштириш даражаси паст мактабларга оқсаётган фанлар бўйича энг яхши мутахассислар жалб қилиниб, ўқувчилар учун ҳафтасига олти соатлик ўқув курслари ташкил қилинади.

    'Болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади'ning rasmi

    Сиёсат 15.05.2025 14:40

    Болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

    “Ёшлар мажруҳ бўлиб қоляпти” — Шавкат Мирзиёев ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани ҳақида гапирди.

    'Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди'ning rasmi

    Сиёсат 15.05.2025 13:56

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди

    Ўтган йили 341 минг ўқитувчи янги тизим асосида тоифага топширган бўлса, шундан 102 минг нафари имтиҳондан ўта олмагани қайд этилди.

    'Саида Мирзиёева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашув ўтказди'ning rasmi

    Сиёсат 14.05.2025 16:48

    Саида Мирзиёева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашув ўтказди

    Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорлик очиқ муҳокама қилинди.