Рус миллатчи "ватанварлари" Россия тарихи бўйича энг осон имтиҳондан ўта олмади.
“Русская обшина”нинг Екатеринбургдаги 2 раҳбари Россия тарихи бўйича имтиҳондан ўта олмади. Екатеринбурглик журналистлар мазкур миллатчи ташкилот раҳбарлари Игор Черноскутов ва унинг ҳамтовоғига хорижликлар Россияда ишлаш учун рухсатнома олишда топшириши шарт бўлган Россия тарихи бўйича тест саволларини бериб кўришди.
"Русская обшина Екатеринбурга" раҳбарлари мигрантлар учун чиқарилган имтиҳон саволларининг атиги 2 тасига жавоб бера олди, холос.
“Русская обшина” жамоатчилик гуруҳи Россиядаги ультраўнг-миллатчи ва мигрантофоб ташкилот бўлиб, Россиядаги хорижиклар, айниқса мигрантларга нисбатан нафрат туйғуларини ижтимоий тармоқлар орқали ошкора тарғиб қилади ва уларни ҳайдаб чиқаришга чақиради. Улар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларга уюштирадиган босқинларда полицияга ёрдам беришади. Мигрантларни таҳқирлаш билан боғлиқ тадбирларда кўмаклашади.
Охирги пайтларда ушбу неонацист ташкилот вакиллари ўзини ёлғондан полиция деб таништириб, миллати рус бўлмаган Россия фуқароларининг уйларига ҳам бостириб кириб калтакламоқда, ҳатто ўлимга сабаб бўлмоқда. Қизиқ жиҳати, ушбу неонацистлар мазкур ҳатти-ҳаракатлар – рейд ва ҳужжатларни текшириш бўйича ҳеч қандай қонуний ваколатларга эга эмас.
Масалан, жорий йилнинг 4 май кечаси “Русская община” вакиллари Всеволожск шаҳри, Ленинградская кўчасидаги хонадонга бостириб кириб, эшикни синдиришган ва арман миллатига мансуб эркакка қалампир буғи билан ҳамда электрошокер билан ҳужум қилишган.
37 ёшли Арманистон фуқароси Гор Овакимян ва унинг 24 ёшли қаллиғи Елизавета уйнинг бир ҳонасига яшириниб олишган. Айрим маълумотларга кўра, миллатчилар уйни ёқиб боришган ва ва натижада арман миллатига мансуб Овакимян ҳалок бўлган. Елизавета эса миллатчилардан қочиш учун деразадан сакраб тушган ва оёқларини синдириб олган.
Охирги пайтларда ушбу неонацист ташкилот ўз баёнотида “навбатдаги наркотик кечалик даҳшатлари” ҳамда “эркаклар ва аёлларнинг шовқинидан” шикоят олганликларини билдирди. Аммо 47news нашри аниқлаганидек, Гор Овакимян “Русская община” аъзолари томонидан аввалроқ қидирувга берилган: уларнинг ресурсларида унинг суратлари “Русская община координаторига қасд тайёрлашда айбланувчи шахс қидирувда” деган изоҳ билан чоп қилинган. Шунингдек, унинг шериклари – Украинага қарши урушда қатнашгани ва яқинда госпиталлардан чиқиб кетгани айтилган собиқ аъзолар ҳам қидирувда экани айтилган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси эҳтиёткорликсиз ўлимга сабабчи бўлганлик бўйича жиноий иш қўзғатди. “Русская община”нинг беш нафар аъзоси “суҳбат”га чақирилди, уларнинг уйларида тинтувлар уюштирилди. Кейинчалик улар гувоҳ сифатида озод қилинди.
Абдуллоҳ Саййид