2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Йиғилишда хорижда ишлаётган бир нафар фуқарога тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмалари айрим ҳудудларда 500–700 долларга ҳам етмаётгани қайд этилди. Жумладан, Сирдарёда бу кўрсаткич 500 доллар, Жиззах ва Навоийда 600 доллар, Сурхондарё ва Хоразмда эса 700 доллардан кам.
Шу муносабат билан ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарларига фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига тайёрлаш бўйича фаолиятини қайта кўриб чиқиш топширилди.
"Аслида, инсон қаерда ишлаши, қанча маош олиши, ҳуқуқини ким ҳимоя қилишини билиб бориши керак!" — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент хорижий меҳнат бозорларига чиқишда элчилар, ҳокимлар ва техникумлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Германия, Туркия, Словакия ва Қатарда иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиш, уларни техникумларга боғлаш ва фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича ижобий тажрибалар борлиги айтилди. Бошқа мамлакатлардаги элчиларнинг бу борадаги фаолияти эса етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда тартибли меҳнат миграцияси қамрови кенгайгани ҳам қайд этилди. Агар илгари бу йўналишда учта давлат билан ҳамкорлик қилинган бўлса, ҳозир уларнинг сони 27 тага етган. Хориждаги йирик иш берувчи ҳамкорлар сони эса қарийб 400 тани ташкил этмоқда.
Шунингдек, сўнгги ўн йилда хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сони икки баробар камайган бўлса-да, уларнинг оилаларига юбораётган пул ўтказмалари тўрт баробар ошган.
Президент буни халқаро меҳнат бозорида ўзбек мутахассисларига бўлган муносабат ўзгаргани, фуқаролар хорижга малакали кадр сифатида бораётгани билан изоҳлади.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда хорижда ишлаш истагидаги фуқаролар, бошқа мамлакатларда эса ишчи кучига талаб юқори эканини таъкидлади. Ушбу имкониятларни бир-бирига боғлаш соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларининг асосий вазифаси экани қайд этилди.






