АсосийСИЁСАТ

Келаси йили Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида миграция маркази очилади

Бунинг учун ҳар бир ҳудудга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Шунингдек, 2027 йилда 10 минг нафар фуқарони касб ва немис тилига ўқитиб, Германияда ишга жойлаштириш режалаштирилган.

'Келаси йили Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида миграция маркази очилади'ning rasmi

Келаси йили Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ягона миграция маркази ташкил этилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудудга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Шунингдек, 2027 йилда 10 минг нафар фуқарони касб ва немис тилига ўқитиб, Германияда ишга жойлаштириш режалаштирилган. Бу ҳақда 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда Европа Иттифоқи илк бор Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини миграция стратегиясига киритгани таъкидланди. Президент ушбу имкониятлардан фойдаланишда элчилар, ҳокимлар ва техникумлар фаоллиги етарли эмаслигини қайд этди.

Жумладан, Буюк Британияда 33 минг нафар ишчи кучига эҳтиёж мавжуд. Бироқ ҳозиргача бу мамлакатга асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар учун фуқаролар юборилмоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида иш берувчилар билан аниқ келишувлар йўқ. Шунингдек, «Ёшлар мобиллиги» дастурида иштирок этиш масаласи ҳам ҳал этилмаган. Италия билан меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтириш бўйича келишув бўлса-да, бу борадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Президент хорижда юқори даромадли иш топишда чет тилларини билиш муҳимлигини таъкидлади. Ҳозирда Ўзбекистонда инглиз тилини пухта ўрганиб, сертификат олган 200 мингга яқин ёш бор. Бироқ уларни АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Швеция ва Данияда ишга жойлаштириш бўйича етарли чоралар кўрилмаган.

Германиядан жорий йилнинг ўзида 45 минг нафар мутахассисга буюртма келиб тушган, аммо улардан атиги 2 минг нафари ишга жойлашган. Бунга асосий сабаб немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги бўлган. Шу боис касб-ҳунар ўргатиш билан бирга тил тайёргарлигини ҳам олиб бориш зарурлиги қайд этилди.

Маълум қилинишича, Германиянинг "Globogate" компанияси билан ҳамкорликда мамлакатдаги 20 та тиббиёт техникумида йилига 1,5 минг нафар ҳамшира тайёрланмоқда. Қаршидаги Илғор касбий маҳорат техникумида эса германиялик ўқитувчилар ёшларга немис тили ва касб ўргатмоқда.

Шунингдек, Андижонда тадбиркор бўш турган техникумни таъмирлаб, Германиядан ўқитувчилар жалб этган ҳолда йилига 1,5 минг нафар мутахассис тайёрлашни йўлга қўйган. Президент бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш, ҳар бир вилоятдаги 2–3 та техникумда касб билан бирга немис тилини ўқитиш зарурлигини таъкидлади.

Германиянинг "TELC" компанияси "Intil" халқаро ўқув марказида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлашни бошлаган. Келаси йил бошидан уларни ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига "Intil" халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганиб, келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини очиш топширилди. Бу мақсадда ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Келаси йил 10 минг нафар фуқарони касб ва немис тилига ўқитиб, Германияда ишга жойлаштириш режалаштирилган.

"Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак", — деди Президент.

Шу мақсадда келаси йили мактаб ва техникумларда немис тилидан дарс бериш учун 500 нафар она тили немис тили бўлган ўқитувчи жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмаси эса келгуси ўқув йилидан икки баробар оширилади.

Шу билан бирга, Германия, Япония ва Жанубий Кореянинг йирик компаниялари ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдирган. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим муассасаларини жиҳозлашга сармоя киритишга тайёр.

Президент бир ой муддатда 20 та техникумни танлаб, келгуси йилдан уларда хорижий иш берувчилар талабларига мос кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишни топширди.

    Бошқа янгиликлар