АсосийДунё

Қирғизистон Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишувини имзолаш учун майдон тақдим этишга тайёр

Аввалроқ, Арманистон ва Озарбайжон тинчлик келишуви лойиҳасидаги 17 банддан сўнгги 2 нозик масала юзасидан келишувга эришганини эълон қилганди.

'Қирғизистон Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик келишувини имзолаш учун майдон тақдим этишга тайёр'ning rasmi

Қирғизистон Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик келишувини имзолаш учун платформа тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Қирғизистон Жогорку Кенеши раиси Нурланбек Тургунбек Улунинг Еревандаги ташрифи чоғида маълум қилинди.


Арманистон Миллий мажлиси спикери Ален Симонян Қирғизистон парламент делегациясини қабул қилди. Учрашувда Симонян Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик келишуви лойиҳаси тўлиқ ишлаб чиқилганини ва арманияликлар уни имзолашга тайёр эканини таъкидлади.

Бу баёнотга жавобан, Қирғизистон парламенти раиси Нурланбек Тургунбек Улу шундай деди:

«Биз минтақада барқарор тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Агар зарурат бўлса, Қирғизистон воситачилик вазифасини ўзига олиб, тинчлик келишувини имзолаш учун майдон тақдим этишга тайёр».

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 март куни Арманистон ва Озарбайжон тинчлик келишуви лойиҳасидаги 17 банддан сўнгги 2 нозик масала юзасидан келишувга эришганини эълон қилган эди. Ереван ҳужжатни имзолаш жойи ва вақти бўйича музокараларга тайёр эканини маълум қилган, бироқ Боку бу музокараларни ҳали эрта, деб ҳисобламоқда.

Озарбайжон томони муносабатларни тўлиқ нормаллаштириш учун яна икки талабни илгари сурмоқда: 2022 йилдан буён фаолияти тўхтатилган ЕХҲТ Минск гуруҳининг расман тарқатилиши ва Арманистон Конституциясига ўзгартиш киритиш.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар