АсосийЖамият

Ўзбекистон чегарасида 40 килога яқин заргарлик буюмлари ушлаб қолинди

Ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.

'Ўзбекистон чегарасида 40 килога яқин заргарлик буюмлари ушлаб қолинди'ning rasmi

Йил бошидан буён Ўзбекистонга сал кам 40 кг заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент-АЭРО ихтисослаштирилган божхона коплексининг “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона постида заргарлик буюмларини қонунга хилоф тарзда олиб киришга бўлган қатор уринишлар фош қилинган. Бангкокдан учиб келган йўловчилардан бири юклари орасидаги ширинликлар ичига қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 180 млн сўмдан ошиқ бўлган 121 гр оғирликдаги заргарлик буюмларини яширганча олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинган.

“Тошкент-Истанбул” рейси бўйича парвозини якунланган қўшни давлат фуқароси ҳам багажидаги юклари орасида қиймати 350 млн сўмлик 370 гр оғирликдаги заргарлик буюмларини яшириб олиб кираётганида фош қилинган.

Бакудан келган йўловчилар орасида ҳам қимматбаҳо тошлар билан безатилган тилла тақинчоқларни божхона назоратига тақдим қилмасдан олиб ўтишга уринган шахс борлиги аниқланган. Қўшни давлат фуқароси бўлган мазкур йўловчи қиймати салкам 130 млн сўмлик ҳамда олмос тошлари билан безатилган 74 гр оғирликдаги заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб киришга уринган.

Билдирилишича, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом этмоқда.

Рақамларга кўра, республика божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 252 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати 24,3 млрд сўмлик салкам 40 кг оғирликдаги заргарлик буюмларининг божхона чегаралари олиб ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.

    Бошқа янгиликлар