Россия Бош прокуратураси Буюк Британиянинг халқаро маданий алоқалар ва таълим имкониятлари билан шуғулланувчи ташкилоти – The British Council (Британия кенгаши)ни Россияда номақбул ташкилот деб эълон қилди. Бу ҳақда идоранинг расмий сайтида хабар берилди.
“Ўзини мустақил тузилма сифатида кўрсатган ҳолда кенгаш бутун фаолиятини Буюк Британия ҳукуматининг устувор йўналишларига мувофиқ равишда олиб боради, у Британия парламентига ҳисобот беради ва мамлакатнинг ташқи сиёсат идораси томонидан молиялаштирилади”, дейилади баёнотда.
Кузатув органининг таъкидлашича, кенгаш “таълим ва маданият фаолияти” ниқоби остида – маърифий тадбирлар, инглиз тилини ўқитиш ва бошқалар орқали Буюк Британиянинг узоқ муддатли манфаатлари ва қадриятларини илгари суради. Ташкилот Москва сиёсатини обрўсизлантиришга уринишда айбланмоқда.
Қолаверса, прокуратура Британия кенгашининг асосий мақсадларидан бири – Совет Иттифоқи республикаларининг аҳолиси онгидан Россияга хос миллийликни йўқотиш эканини таъкидлаган. Шунингдек, ташкилот Балтика минтақасидаги Россияга қарши кучларни бирлаштиришга қаратилган маданий алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланаётгани ва бутун дунё бўйлаб Британия таъсиридаги агентлар тармоғини яратишга уринишда айбланмоқда.
Маълумот учун, Британия кенгаши 1934 йилда ташкил этилган бўлиб, Буюк Британияда хайрия ташкилоти мақомига эга. Россияда ушбу ташкилотнинг ўндан ортиқ офислари бўлган, бироқ 2007 йилнинг охирида фақат Москва офиси сақлаб қолинган.