АсосийЖамият

Ҳозирда сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишини қай тартибда давом эттиради?

Сиртқи таълим шакли тугатилиши юзасидан фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан энг кўп берилаётган саволларга жавоблар.

'Ҳозирда сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишини қай тартибда давом эттиради?'ning rasmi

АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова сиртқи таълим шакли тугатилиши юзасидан фуқаролар ва жамоатчилик вакиллари томонидан энг кўп берилаётган саволларга жавоб берди:

 5 июндан олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қабул бошланди. Президентнинг ПФ-81-сон Фармонига мувофиқ, олийгоҳлар бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда — «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ амалга оширилади. 

 Президентнинг жорий йил 5 майдаги ПФ-76-сон фармонига кўра 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилди. Мазкур талаб давлат олийгоҳлари учун ҳам, нодавлат (хусусий) олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилади.

 Сиртқи таълим тизими дастлаб қандай мақсадда жорий этилган эди, у ўзини ҳозирги кунгача қанчалик оқлай олди ва нима сабабдан тугатилди?

 ЖАВОБ: Сиртқи таълим шакли 2018 йилда қайта жорий этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — меҳнат фаолиятини олиб бораётган, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган фуқароларга ишдан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятини яратиш эди. Бу тизим, аввало, катта ёшдаги аҳоли ўртасида таълимга бўлган эҳтиёжни қондириш, шу орқали уларнинг малакасини ошириш ва меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилди.

 Сиртқи таълимнинг қайта ташкил этилиши натижасида ёшлар ва катта ёшдаги аҳоли ўртасида олий таълим билан қамров сезиларли даражада ошди. Қатор ҳудудларда ишлаб юрган фуқароларга таълим олиш имконияти яратилиши ижобий ижтимоий ва иқтисодий натижалар берди.

 Бироқ вақт ўтиши билан ушбу шаклда таълим олишнинг самарадорлиги, академик интизом, сифат назорати,   ва билимлар чуқурлиги, юқори таълим стандартларига риоя қилиш билан боғлиқ муаммолар намоён бўлди. 

 Айнан шу сабабларга кўра, 2025 йилдан бошлаб, юртимизда олий таълим сифатини янада ошириш, таълим жараёнида шогирд-устоз анъаналарини мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларга асосланган ўқитиш тизимини кучайтириш мақсадида сиртқи таълим шакли босқичма-босқич тугатилди.

Ҳозирда сиртқи таълимда таҳсил олаётган талабалар ўқишини қай тартибда давом эттиради?

 ЖАВОБ: Сиртқи таълим шаклига қабул 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб тўхтатилган бўлса-да, ҳозирда мазкур шаклда таҳсил олаётган талабалар учун барча ўқув жараёнлари белгиланган тартибда давом эттирилади. Яъни, улар танлаган йўналишлари бўйича амалдаги давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ ўқишни якунига етказиш имкониятига эгалар.

 Олий таълим муассасалари ушбу талабаларга ўқув машғулотларини сифатли ташкил этиш, зарур ахборот-ресурслар ва амалий машғулотлар билан таъминлаш бўйича ўз зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ бажариши лозим. Бу эса ҳар бир талаба учун таълим сифатини таъминлаш ҳамда мутахассис сифатида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиб битиришини кафолатлайди.

Сиртқи таълимни тамомлаган мутахассисларнинг тақдири қандай бўлади? Уларни расмий ишга қабул қилишда муаммо бўлмайдими? Иш берувчилар томонидан рад этилиши мумкинми?

 ЖАВОБ: Сиртқи таълим шаклида таҳсил олиб, белгиланган тартибда диплом олган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тўлиқ олий маълумотли мутахассислар ҳисобланади. Уларга бериладиган диплом кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклидаги дипломлар билан тенг юридик кучга эга.

 Шу боис, бундай мутахассисларни давлат ёки хусусий секторда расмий ишга қабул қилишда ҳеч қандай ҳуқуқий тўсиқ мавжуд эмас. Иш берувчилар уларнинг таълим шаклидан келиб чиқиб эмас, балки эгаллаган билим, кўникма ва профессионал салоҳияти асосида баҳолаши лозим.

 Сиртқи таълимни тамомлаган мутахассисларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиши, асосан, уларнинг амалий тажрибаси, соҳадаги билим даражаси ва доимий ўз устида ишлашига боғлиқ.

Бундан кейин сиртқи таълим ўрни қандай тўлдирилади? Маълум иш ўрнига эга абитуриентлар учун қандай таълим шакли таклиф этилади?

 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим шаклига қабул тўхтатилган бўлса-да, ишлаб юрган фуқароларнинг олий таълим олиш имкониятлари чекланмайди. Келгусида кундузги таълимга муқобил шакллар, жумладан, масофавий, кечки ва мақбуллаштирилган кундузги (part-time) таълим шакллари босқичма-босқич ривожлантирилиб, уларга қабул кўрсаткичлари кенгайтириб борилади.

 Бу эса муайян иш ўрнига эга абитуриентлар учун ўқиш ва меҳнат фаолиятини бир вақтда олиб бориш имконини беради. Масофавий таълим замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этилиб, талабаларга бевосита таълим муассасасига келмасдан билим олиш имконини яратади.

 Шу билан бирга, кечки таълим шаклида ўқиш иш вақтидан кейинги соатларда амалга оширилиб, ишловчи шахсларга қулай графикда таълим олишни таъминлайди.

 Ҳукумат томонидан бу соҳадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилиши, ўқув дастурларининг талабга мослаштирилиши ва таълим сифатининг таъминланиши бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. 

 Ҳозир 1-босқичда кундузгида таҳсил олаётган талаба кейинги ўқув йилидан ўқишини сиртқига кўчирса бўладими? Юқори босқичда ўқиётганларчи?

 Талабаларнинг аризаларига асосан уларнинг ўқишини сиртқи таълим шакли мавжуд гуруҳларга белгиланган тартибда кўчириш имконияти мавжуд. Бунда талабалардан белгиланган муддат ва тартибда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтишлари талаб этилади.

 Иккинчи мутахассислик учун сиртқи таълим шакли сақланиб қолинадими? Ёки унда ҳам ёпилдими?

   ЖАВОБ: 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тўлиқ тугатили таълимнинг барча йўналишларига, жумладан, иккинчи мутахассисликка ҳам тааллуқлидир.

 Шу муносабат билан, иккинчи мутахассислик бўйича ҳам сиртқи таълим шаклида янги қабул амалга оширилмайди. Ушбу йўналишда таълим олишни истовчилар учун кундузги, масофавий ёки кечки таълим шаклларининг мавжуд таълим йўналишлари тавсия этилади.

 Шу билан бирга, аввалги йилларда сиртқи таълим шаклида иккинчи мутахассисликка қабул қилинган шахслар таҳсилни белгиланган тартибда давом эттирадилар.

 Мақбуллаштирилган кундузги (part-time education) таълим шакли қандай ва қачондан йўлга қўйилади?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда манфаатдор республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда мақбуллаштирилган кундузги таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тартиби бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланган.

 Мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time таълим) — талабаларга иш жойи билан боғлиқ фаолиятни давом эттирган ҳолда, кундузги таълим тизими асосида таълим олиш имконини берадиган замонавий ва қулай таълим формати бўлиб, унда таълим жараёни ва иш фаолияти мувозанатли тарзда олиб борилади.

 Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилганидан сўнг, ушбу таълим шаклини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Масофавий таълим шакли ташкил этиш учун қандай талаблар бор, ҳозирда нечта ОТМда масофавий таълим шакли мавжуд ва унга қайси абитуриентлар топшириши мумкин?

  ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 октябрдаги 559-сон қарори билан «Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган. Ушбу низом масофавий таълим шаклини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун аниқ талаб ва меъёрларни белгилаб беради.

 Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 21 та давлат олий таълим муассасасида ҳамда қатор нодавлат олий таълим ташкилотларида тегишли таълим йўналишлари бўйича масофавий таълим шакли самарали йўлга қўйилган.

2025/2026 ўқув йилида бошқа олий таълим ташкилотларида ҳам масофавий таълим шакли бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича зарурий чора-тадбирлар, жумладан, масофавий таълим платформалари яратилиб, уларни зарурий контентлар билан тўлдириш ишлари ташкил қилинмоқда.

 Масофавий таълим шаклига ўқишга кириш умумий тартибда амалга оширилиб, абитуриентлардан қўшимча мажбуриятлар талаб этилмайди.

  Шундай қилиб, сиртқи таълим шаклининг тугатилиши орқали олий таълимда сифатни ошириш, замонавий талабларга мос билим бериш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш йўлида муҳим қадам қўйилмоқда.

    Бошқа янгиликлар