Шимолий Кореядан қочиб чиққан аёл Чой Мин Кюнг Жанубий Корея пойтахти Сеулдаги судга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин устидан жиноий даъво аризаси берди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Аёл ушбу даъвони оғир қийноқлар, жинсий зўравонлик ва таҳқирловларга учрагани сабабли берганини айтган.
Маълум бўлишича, Чой Мин Кюнг 1997 йилда Шимолий Кореядан қочиб Хитойга ўтган, бироқ 2008 йилда у мажбуран ўз мамлакатига қайтарилган. У ерда ҳибсга олинган ва қамоқда зўравонликларга учраган. Бу воқеалар унинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатгани сабабли аёл ҳалигача дориларга боғланиб қолган. 2012 йилда у яна Шимолий Кореядан қочишга муваффақ бўлиб, Жанубий Кореядан бошпана топган.
Аёлнинг даъво аризасида Ким Чен Индан ташқари яна тўрт нафар Пхеньян расмийси ҳам кўрсатилган. Чой хоним Шимолий Кореянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича маълумотлар базаси маркази, БМТ ва Халқаро жиноий судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
“Мен бу кичик қадам келажакда эркинлик ва инсон қадр-қимматини тиклаш учун асос бўлади, деб ишонаман. Оддий шимолий кореяликлар энди бу золим режимдан азият чекмаслиги керак. Қийноқларни бошдан кечирган жабрланувчи сифатида, мен Кимлар сулоласини инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортишга масъулман”, деган аёл ўз баёнотида.