Европа Иттифоқи Исроилга қарши эҳтимолий чораларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ЙИ ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кая Каллас маълум қилди, дея хабар бермоқда Анадолу агентлиги.
Калласга кўра, Ғазо секторидаги гуманитар аҳвол “қатъий кузатув остида” қолади. Ҳар икки ҳафтада Исроилнинг келишувлар доирасидаги ҳаракатлари юзасидан янгиланган ҳисобот эълон қилинади.
“Исроил Ғазодаги вазиятни яхшилаш бўйича етарли қадамлар қўймаса, чора кўрамиз. Мақсад – жазолаш эмас, реал ўзгариш”, – дейди у.
Аввалроқ, 10 июль куни ЙИ ва Исроил қуйидаги йўналишларда келишувга эришган эди:
– Ғазога озиқ-овқат ва товарлар оқимини ошириш;
– Иордания ва Миср орқали гуманитар йўлакларни очиш;
– Ёнилғи, сув ва электр таъминотини тиклаш;
– Гуманитар ходимлар хавфсизлигини кафолатлаш.