АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йил июль ойида “Truth Social” платформасида эълон қилган баёнотида 2016 йилги президентлик сайловлари юзасидан собиқ президент Барак Обамани фирибгарликда айблади, дея ёзмоқда "zamon.uz". Трампнинг таъкидлашича, ўша вақтдаги Демократлар партияси аъзолари, жумладан Обама бошчилигидаги сиёсий гуруҳлар, сайлов натижасига ноқонуний таъсир кўрсатишга уринган.
Ушбу чиқишида Трамп Fox News телеканали журналисти Харрисон Филдс ва Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг 2016-йилги сайловлар юзасидан фош этилган фактларга асосланган баёнотларини мақтов билан тилга олди.
“Обама ва унинг “гангстерлар жамоаси” сайловдаги фирибгарлик учун энг юқори даражада жиноий жавобгарликка тортилиши керак”, — деб ёзди Трамп ўз постида.
Шунингдек, Трамп Тулси Габбарднинг Обама маъмурияти даврида АҚШ разведка хизматлари сиёсий мақсадларда Трамп президентлигига тўсиқ бўлиш учун нотўғри ишлатилгани ҳақидаги баёнотини ижобий баҳолаб, уни очиқчасига табриклади.
Маълумот ўрнида, Дональд Трамп 2016-йилги сайловларда Республикачилар партияси номзоди сифатида иштирок этиб, демократ номзод Ҳиллари Клинтон устидан ғалаба қозонган эди. Трамп ва унинг тарафдорлари бу сайловлар давомида нотўғри ахборотлар, разведка манипуляцияси ва оммавий ахборот воситалари орқали босим бўлгани ҳақида бир неча бор баёнот беришган.