“Неферпитоу” тахаллусли номаълум хакер Naval Group компаниясига тегишли 13 GB ички ҳужжатларни оммага тарқатди. Махфий файлларнинг умумий ҳажми 1 терабайтдан ошган. Бу ҳақда Zamon.uz маълум қилди.
Сиздирилган ҳужжатлар орасида Франция ҳарбий-денгиз кучларида қўлланиладиган фрегатлар ва ядровий сувости кемаларининг тўлиқ дастурий таъминоти, қурол тизимлари коди, тармоқ схемалари, фойдаланувчи қўлланмалари ва ички ёзишмалар мавжуд. Бу маълумотлар стратегик ва технологик жиҳатдан ниҳоятда муҳим саналади.
Хавфсизлик бузилиши фақат Naval Group билан чекланмай, Thales, Dassault Aviation ва Safran каби йирик мудофаа корпорацияларига алоқадор тизимларга ҳам таъсир қилган. Бу компаниялар Франциянинг энг йирик ҳарбий ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади.
Эътиборлиси, хакер ҳужумдан ҳеч қандай моддий манфаат кўзламаган. У 72 соат ичида барча маълумотларни бепул эълон қилган. Мутахассислар бу ҳужумни “Франция мудофаа саноатининг рақамли заифлигини очиб берувчи таҳдид” сифатида баҳоламоқда. Расмийлар ҳозирча ҳолат бўйича расмий баёнот бермаган.