АҚШнинг президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги манбага таяниб хабар берди.
Президентлар ўртасидаги суҳбат тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмади. Аммо бу суҳбат АҚШнинг махсус вакили Стивен Уиткофф Россия президенти Владимир Путин билан Москвада уч соатлик учрашув ўтказганидан сўнг бўлиб ўтди.
Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков бу учрашувни “фойдали ва конструктив” деб баҳолади.
Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Уиткофф ва Путин учрашуви “жуда самарали ўтганини” ва “муайян ютуқларга эришилганини” ёзди. Бироқ у бу борада аниқ тафсилотларни келтирмаган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса Вашингтон Уиткоффнинг Москвага сафари юзасидан муҳокама ўтказишини ва тез орада бу борада баёнот берилишини айтди. “Баёнот ижобий бўлиши ҳам, салбий бўлиши ҳам мумкин”, — деди у.
Reuters манбасининг аниқлик киритишича, АҚШ 8 август, жума куни Россияга қарши иккиламчи санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда.