АсосийБУ ҚИЗИҚ

Бу ҳафта ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди

Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

'Бу ҳафта ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди'ning rasmi

“Ўзгидромет” маълумотларига кўра, ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

1 июнь куни кундузи республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Тошкент вилоятининг айрим жойлари ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 34-36 даража, жанубда эса 38-40 даражагача етади.

2—4 июнь кунлари республика бўйича ёз фаслининг боши учун хос бўлган об-ҳаво кузатилиши прогноз қилинмоқда. Кечаси ва куннинг биринчи ярмида асосан кам булутли об-ҳаво бўлади. Куннинг иккинчи ярмида эса конвектив булутлар ривожланиб, айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Шу кунларда ҳаво ҳарорати аста-секин 28-33 даражагача, жанубий ҳудудларда эса 34-37 даражагача пасаяди.

5 июнь куни фақат Фарғона водийсининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

Шамол тезлиги 7-12 метр/сонияни ташкил этади, баъзи жойларда 15-20 метр/сониягача кучайиши, айрим ҳудудларда эса чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 1—5 июнь кунлари айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши кутилмоқда. Шунингдек, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 1 июнь куни қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати 34-36 даража атрофида бўлади. 2—4 июнь кунлари куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, ҳарорат эса аста-секин 29-31 даражагача пасаяди. 5 июнь куни ёғингарчилик кутилмаяпти, кундузи ҳаво 31-33 даража бўлади.

    Бошқа янгиликлар