Ҳиндистонлик Даулат Гири Жи Маҳараж исмли эркак қадимий ҳиндуий руҳий амаллардан бири ҳисобланган “кхада тапасья”ни бажариш мақсадида беш йилдан буён бир лаҳза ҳам ўтирмасдан ҳаёт кечирмоқда. Бу ҳақда Taaza TV хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур руҳий амалиёт шартларига кўра, у жами 12 йил давомида тик турган ҳолда яшаши лозим. Ҳиндуийлик анъаналарида бундай оғир таркидунёчилик инсоннинг руҳий покланишига эришиши ва маъбуд Шивага яқинлашишига хизмат қилишига ишонилади.
Қайд этилишича, Даулат Гири Жи Маҳараж ушбу қасамни қабул қилганидан бери бирор марта ҳам ўтирмаган ва оёқларини узатиб дам олмаган. У ҳатто уйқуни ҳам тик турган ҳолда қабул қилади. Бунинг учун махсус тиргак конструкциядан фойдаланади.
Бир неча йил давом этган оғир жисмоний юклама унинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатган. Хабарда айтилишича, эркакнинг оёқлари кучли шишган, тери ранги ўзгарган ҳамда қон айланиши билан боғлиқ муаммолар кузатилган.
Шунга қарамай, у ўз қасамидан воз кечмаган ва руҳий амалиётни давом эттирмоқда.
Маҳаллий ибодатхона қошидаги кўнгиллилар унинг аҳволини мунтазам кузатиб бормоқда. Улар оёқларига турли малҳамлар суртиб, зарур парвариш ишларини амалга оширмоқда.
Манбага кўра, ушбу руҳий амалиёт якунланиши учун Даулат Гири Жи Маҳараж яна етти йил давомида тик турган ҳолда яшаши керак бўлади.






