2026 йил футбол бўйича Жаҳон чемпионати FIFA тарихида энг кўп томошабин ташриф буюрган мусобақа сифатида қайд этилди. NBC телеканали маълум қилишича, аввалги рекорд 1994 йили АҚШ мезбонлик қилган мундиалда ўрнатилган эди.
25 июнь ҳолатига кўра, АҚШ, Канада ва Мексикада давом этаётган мусобақанинг дастлабки икки ҳафтасидаёқ стадионларга 3 миллион 600 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрди. Рекорд Германия — Эквадор ҳамда Кот-д’Ивуар — Кюрасао ўртасидаги учрашувлардан кейин расман тасдиқланди.
Шу вақтга келиб, умумий томошабинлар сони 3 миллион 605 минг 357 нафарга етди. FIFA мазкур натижани Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг юқори кўрсаткич сифатида эътироф этди. Мусобақа ҳали давом этаётгани инобатга олинса, якуний томошабинлар сони янада ошиб, янги марраларни белгилаши кутилмоқда.
Мутахассислар юқори қизиқишни бир неча омил билан изоҳламоқда. Энг аввало, турнирнинг бир вақтнинг ўзида уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилаётгани ҳамда баҳслар кўплаб шаҳарларда ташкил этилгани мухлислар қамровини кенгайтирди.
Бундан ташқари, айниқса АҚШдаги йирик сиғимли стадионлар рекорд қайд этилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Уларнинг аксарияти бир вақтнинг ўзида 70–80 мингдан ортиқ томошабинни қабул қилиш имкониятига эга.
Қиёс учун, 2022 йил Қатарда ўтган Жаҳон чемпионатида стадионларнинг асосий қисми тахминан 45 минг ўринли эди. 2026 йилги мундиалда эса катта сиғимли ареналар томошабинлар оқимининг кескин ошишига хизмат қилди.






