Ўзбекистонда жорий ҳафта давомида ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, айрим ҳудудларда 42 даражагача етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Маълум қилинишича, 6–11 июль кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли бўлади. Ёғингарчилик кутилмаяпти. Фақат айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Қайд этилишича, июль ойи бошида кузатилган нисбатан салқин об-ҳаводан кейин бу ҳафта давомида республикада ҳарорат аста-секин меъёрий ёзги кўрсаткичларга қайтади.
Бугун, 6 июль куни кундузи ҳаво ҳарорати 34–37 даража атрофида бўлади. Кейинги кунларда эса кундузги ҳарорат 37–40 даражагача кўтарилади. Республика шимоли, жануби ҳамда чўл ҳудудларида кундузи ҳаво ҳарорати 39–42 даражагача етиши прогноз қилинмоқда.
Шамол шарқий йўналишдан секундига 7–12 метр тезликда эсади. Айрим жойларда унинг тезлиги секундига 15 метргача кучайиши, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Пойтахт Тошкентда ҳам 6–11 июль кунлари ҳаво бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқий йўналишдан секундига 3–8 метр тезликда эсади, айрим ҳудудларда секундига 10–12 метргача кучайиши мумкин.
6–7 июль кунлари Тошкентда кундузги ҳаво ҳарорати 35–38 даража бўлиши, ҳафтанинг иккинчи ярмида эса 38–40 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Кечалари ҳаво ҳарорати 22–25 даража атрофида сақланиб туради.






