АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда Европа ва Шимолий Америка фуқароларини алдаган йирик киберфирибгарлик тармоғи фош этилди

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

'Тошкентда Европа ва Шимолий Америка фуқароларини алдаган йирик киберфирибгарлик тармоғи фош этилди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида Европа ва Шимолий Америка давлатлари фуқароларини криптовалюта ва инвестиция лойиҳалари орқали алдаб келган йирик киберфирибгарлик тармоғи фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, "Хавфсиз ва соғлом мамлакат" кенг кўламли тезкор-профилактик тадбири доирасида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган махсус операция натижасида мазкур жиноий тузилма фош этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ аъзолари хорижий давлатлар фуқароларига юқори даромад келтирувчи инвестиция ва криптовалюта лойиҳаларини таклиф қилиб, уларнинг ишончини қозонган. Шундан сўнг жабрланувчилар турли усуллар билан криптоактивларини ўтказишга кўндирилиб, маблағлар ўзлаштирилган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу фаолиятга чет тилларини яхши биладиган қарийб 140 нафар шахс, жумладан, нуфузли олий таълим муассасалари талабалари жалб қилинган. Улар ҳар куни юзлаб хорижий рақамларга қўнғироқ қилиб, ўзларини профессионал трейдер сифатида таништирган.

Тезкор тадбирлар давомида Тошкент шаҳридаги иккита йирик фирибгарлик колл-маркази аниқланган. Жумладан, Яшнобод туманида жойлашган бизнес марказларидан бирининг олтинчи қаватида фаолият юритган колл-марказда 97 нафар шахс ушланган бўлиб, уларнинг беш нафари чет эл фуқароси экани маълум бўлган. Шунингдек, Яккасарой туманидаги яна бир бизнес марказининг ўн биринчи қаватида жойлашган иккинчи колл-марказда 34 нафар шахс, жумладан, уч нафар чет эл фуқароси ушланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, колл-марказларда раҳбарлар, ташкилотчилар, жамоа етакчилари, ёрдамчилар ва операторлардан иборат аниқ ички тизим шакллантирилган. Улар ойига 70 фоизгача даромад ваъда қилиб, фишинг ҳаволаларини тайёрлаган ҳамда Канада, Буюк Британия, Германия, Норвегия, Нидерландия, Дания ва бошқа давлатлар фуқароларига муқобил телефон рақамлари орқали қўнғироқ қилган.

Терговда аниқланишича, ходимларни ишга қабул қилиш жараёнида уларга конспирация қоидаларига қатъий риоя этиш ўргатилган. Хорижлик мижозлар билан мулоқотда тахаллуслардан фойдаланилган, офисларга кириш-чиқиш эса доимий қўриқлаш ва қатъий назорат остида ташкил этилган.

Махсус операция чоғида юзлаб компьютерлар, мобил телефонлар, қаттиқ дисклар, сейфлар ҳамда жиноий фаолиятда фойдаланилган бошқа техника воситалари ашёвий далил сифатида мусодара қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноий схемани чет эл фуқароси Ўзбекистон фуқароси билан биргаликда ташкил этган. Ҳозирга қадар жиноий гуруҳнинг икки нафар эҳтимолий раҳбари, шунингдек, колл-марказлар фаолиятига алоқадор яна саккиз нафар асосий гумонланувчи ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, яна ўн нафар шахс қамоққа олинган бўлиб, қолган 111 нафарга нисбатан тезкор-қидирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Ички ишлар вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ҳамда Интерпол Миллий марказий бюроси орқали Европа ва Шимолий Америка давлатларининг ваколатли органларига тегишли сўровлар юбориш ишлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Тошкентда Европа ва Шимолий Америка фуқароларини алдаган йирик киберфирибгарлик тармоғи фош этилди - Darakchi.uz