АсосийДУНË

Покистонда юк самолёти радарлардан ғойиб бўлди, кенг кўламли қидирув бошланди

Flightradar хизмати ADS-B кузатув тизимидан олинган дастлабки маълумотлар ҳаво кемаси ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлигини кўрсатаётганини билдирган.

'Покистонда юк самолёти радарлардан ғойиб бўлди, кенг кўламли қидирув бошланди'ning rasmi

Покистонда K2 Airways авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-400 русумли юк самолёти парвоз вақтида радарлардан ғойиб бўлди. Ҳозирда самолётни топиш бўйича ҳарбийлар иштирокида кенг кўламли қидирув-қутқарув операцияси олиб борилмоқда. Бу ҳақда The Express Tribune хабар берди.

Маълум қилинишича, самолёт Карачи шаҳридан тахминан 250 километр ғарбда, Арабистон денгизи устида алоқа ва кузатув тизимларидан йўқолган. У Шаржа шаҳридан Карачига парвоз қилаётган бўлиб, бортида экипажнинг беш нафар аъзоси бўлган.

Покистон аэропортлар бошқармаси маълумотига кўра, радарлар самолётнинг кескин пастлай бошлаганини ҳамда парвоз йўналиши тўсатдан ўзгарганини қайд этган. Бундан бир неча дақиқа олдин эса учувчи навигация тизимида муаммо юзага келганини диспетчерларга маълум қилган.

Шунингдек, Flightradar хизмати ADS-B кузатув тизимидан олинган дастлабки маълумотлар ҳаво кемаси ҳалокатга учраган бўлиши мумкинлигини кўрсатаётганини билдирган.

Самолёт бўлиши мумкин бўлган ҳудудга Покистон Ҳарбий-денгиз кучларининг PNS Zulfiqar ҳарбий кемаси ҳамда Saab 2000 Erieye узоқ масофали радиолокация самолёти жалб этилган. Қидирув ишларида Покистон Миллий кемачилик корпорациясига тегишли Lahore тижорат кемаси ҳам иштирок этмоқда.

Маълумотларга кўра, мазкур Boeing 737-400 самолёти дастлаб йўловчи ташиш учун ишлаб чиқарилган бўлиб, 1999 йилда Aeroflot авиакомпанияси таркибида эксплуатация қилинган. Кейинчалик у Garuda Indonesia тасарруфига ўтган, 2012 йилда эса юк самолётига қайта жиҳозланиб, аввал TNT Airways, сўнг ASL Airlines томонидан фойдаланилган.

    Бошқа янгиликлар

    Покистонда юк самолёти радарлардан ғойиб бўлди, кенг кўламли қидирув бошланди - Darakchi.uz