Россия Президенти Владимир Путиннинг самолёти Туркманистондан қайтиш чоғида Москвага қўна олмай, Санкт-Петербургга йўналган. Бунга Россия пойтахтидаги дронлар ҳужуми ортидан аэропортлар фаолиятининг тўхтатилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда “The New York Times” нашри “FlightRadar24” маълумотларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса 9 октябрь куни Москвага дронлар ва ҳаво шарлари орқали амалга оширилган кенг кўламли ҳужум пайтида юз берган. Ҳужум сабаб пойтахтдаги барча аэропортлар фаолияти бир неча соатга тўхтатилган.
Бу вақтда Москвага бир нечта ҳукумат самолётлари учиб келаётган бўлган. Парвоз маълумотларига кўра, улар орасида МДҲ саммитида иштирок этиш учун Туркманистонга борган Россия раҳбари ва унинг ҳамроҳлари бўлиши мумкин.
“FlightRadar24” маълумотларида айрим самолётлар Москва осмонида айланиб юргани, бошқалари эса Санкт-Петербургдаги захира аэродромига йўналгани акс этган.
“Новая площадь” Telegram-канали хабар беришича, “Россия” махсус учиш отрядининг тўртта самолёти, жумладан, Туркманистондан қайтаётган учта лайнер Москва яқинидаги кутиш ҳудудида манёвр қилишга мажбур бўлган. Қайд этилишича, бундай ҳолат Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаганидан бери биринчи марта кузатилган.
“FlightRadar24” маълумотларига кўра, Туркманбоши шаҳридаги аэропортдан бошқа айрим самолётларга нисбатан кечроқ учиб чиққан 96025 рақамли борт Санкт-Петербургга йўналган. У маълум вақт ўтгач, Москвага учиб кетган. Путиннинг ўзи ҳам 8 октябрь куни Туркманистонда айнан шу бортдан тушгани қайд этилган.
Нашр ёзишича, Россия Президенти ихтиёрида бир нечта Ил-96-300ПУ самолёти мавжуд. Улар ядровий можаро шароитида ҳам ҳаводан туриб қўмондонлик марказини бошқариш имконини берувчи махсус ускуналар билан жиҳозланган. “Учар Кремль” деб аталадиган президент самолётлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташқи кўриниши ўхшаш бўлган бошқа лайнерлар ҳамроҳлигида парвоз қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Путиннинг Туркманистондаги саммитдан қайтишда Санкт-Петербургга йўналган айнан 96025 рақамли самолётда бўлгани ҳозирча тасдиқланмаган. Россия расмийлари ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.






