АсосийДУНЁ

АҚШда мигрант болаларга мамлакатни тарк этиш учун 3 минг доллар таклиф қилинмоқда

Бундан ташқари, июль ойида ҳамроҳсиз мигрант болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юридик ташкилотларни федерал молиялаштириш тўхтатилган.

'АҚШда мигрант болаларга мамлакатни тарк этиш учун 3 минг доллар таклиф қилинмоқда'ning rasmi

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакатдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетиши учун 5 ёшдан ошган мигрант болаларга 3 минг доллардан таклиф қилмоқда. Бу ҳақда адвокатлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар маълумотларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Иккита юридик ташкилот раҳбарининг айтишича, бундай таклифларни АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) вакиллари, шунингдек, иммиграция судьяларининг ўзлари ҳам билдирмоқда.

“Acacia Center for Justice” ташкилоти раҳбари Шайна Эйбернинг маълум қилишича, сўнгги бир ой давомида мамлакатнинг турли ҳудудларидаги кичик ёшли болаларга, айрим ҳолларда адвокатлар иштирокисиз, шундай таклифлар берилгани ҳақида хабарлар келиб тушган. Баъзи судьялар эса таклифни қабул қилиш ҳақида қарорни дарҳол қабул қилиш кераклигини, бунинг учун ўйлаб кўришга вақт берилмаслигини билдирмоқда.

“Болалардан 3 минг доллар эвазига, масалан, бошпана сўраш ҳуқуқидан воз кечиш каби жуда муҳим қарорни шу заҳоти қабул қилиш сўралмоқда”, деган Эйбер.

Вашингтондаги “Amica Center for Immigrant Rights” ташкилоти директори Майкл Люкенс ҳам унинг ташкилоти ва мамлакат бўйлаб бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ICE юристларидан болаларга 3 минг долларлик рағбат пули таклиф қилингани ҳақидаги хатларни олганини маълум қилган. Жорий ҳафтада шундай хатлардан бири унинг 11 ёшли мижози иши бўйича келган.

АҚШ Чегара хизмати (CBP) аввалдан “CBP Home” иловаси орқали мамлакатни ихтиёрий тарк этишга рози бўлган мигрантларга 3 минг доллар тўлаб келмоқда. Бироқ ҳуқуқшунослар бундай амалиётнинг 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан иммиграция судларида ҳам қўлланилаётганини илгари эшитмаганини билдирган.

АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йил июль ҳолатига иммиграция судларида ҳамроҳсиз келган болаларнинг 16,5 мингдан ортиқ иши кўриб чиқилмаган. Шу билан бирга, уларга адвокат топиш ва бошпана сўраб мурожаат қилиш учун бериладиган вақт қисқартирилмоқда. Суд жараёнини кечиктириш муддати эса 21 кун билан чекланган.

Бундан ташқари, июль ойида ҳамроҳсиз мигрант болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи юридик ташкилотларни федерал молиялаштириш тўхтатилган.

Брукингс институтининг май ойида эълон қилинган ҳисоб-китобларига кўра, Дональд Трамп маъмурияти давридаги оммавий депортациялар оқибатида АҚШ фуқароси бўлган қарийб 145 минг нафар бола камида бир нафар ота-онасидан айрилган.

Тадқиқотчилар баҳолашича, 2025 йил январидан 2026 йил апрелигача АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси қарийб 400 минг нафар чет эл фуқаросини қўлга олган. Депортация жараёнларидан жабр кўрган болаларнинг 36 фоизи эса 6 ёшга тўлмаган.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШда мигрант болаларга мамлакатни тарк этиш учун 3 минг доллар таклиф қилинмоқда - Darakchi.uz