Тошкент Марказий Осиё шаҳарлари орасида яшаш харажатлари энг юқори бўлган учинчи шаҳар бўлди. Бу ҳақда халқаро Numbeo платформасининг яшаш қиймати бўйича рейтингида маълум қилинди.
Рейтингга кўра, Ўзбекистон пойтахти минтақада фақат Қозоғистоннинг Олмаота ва Остона шаҳарларидан кейинги ўринни эгаллаган. Тадқиқотда дунёнинг 547 та йирик шаҳри қамраб олинган.
Numbeo баҳолашида асосий мезон сифатида Нью-Йоркдаги яшаш харажатлари олинган ва унга 100 балл берилган. Тошкентда эса яшаш қиймати индекси 31,2 баллни ташкил этган. Бу пойтахтдаги умумий нархлар даражаси Нью-Йоркка нисбатан қарийб 70 фоиз паст эканини англатади.
Тадқиқотда уй-жой ижараси, озиқ-овқат, транспорт, ресторанлар, коммунал хизматлар ва бошқа кундалик харажатлар ҳисобга олинган. Тошкентда уй-жой ижараси индекси 13,5 балл, озиқ-овқат харажатлари индекси эса 35,2 баллни ташкил этган.
Numbeo маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тўрт кишилик оиланинг ижара ҳақисиз ойлик харажатлари ўртача 22,3 миллион сўм, бир киши учун эса 6,1 миллион сўм атрофида баҳоланган.
Жаҳон рейтингида энг қиммат шаҳар сифатида Швейцариянинг Цюрих шаҳри қайд этилган. Ундан кейин Жоржтаун, Люцерн, Базель ва Женева шаҳарлари ўрин олган.






