8 май куни Москва шаҳрида бўлиб ўтган тадбирлар доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия президенти Владимир Путин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари Ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлади.
Учрашувда Ўзбекистон—Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, шунингдек, аввалги олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро савдо ҳажми барқарор ошиб бораётгани, саноат, энергетика, металлургия ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини мамнуният билан қайд этди.
Шунингдек, товар айирбошлаш суръатларини сақлаб қолиш, устувор соҳаларда кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва ҳудудлараро алоқаларни фаол давом эттириш муҳим экани таъкидланди.
Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия етакчилари халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.






