АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Бекободдаги янги қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга туширди

Маросимда давлат раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу йирик саноат лойиҳасининг ишга туширилиши билан табриклади.

'Мирзиёев Бекободдаги янги қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга туширди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги Қуюв-прокатлаш мажмуасини тантанали равишда ишга туширди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Маросимда давлат раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу йирик саноат лойиҳасининг ишга туширилиши билан табриклади.

Қайд этилишича, янги мажмуа мамлакатда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи йирик саноат лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг умумий қиймати йилига 8 триллион сўмни ташкил этади.

Шунингдек, мажмуа Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш, шу билан бирга, 1 200 та янги юқори даромадли иш ўрни яратиш имконини беради.

Президент сўнгги йилларда металлургия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида тармоқда ишлаб чиқариш қувватлари сезиларли даражада ошганини таъкидлади. Хусусан, ўтган ўн йилда соҳага қарийб 2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 31 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган. Бугунги кунда тармоқда 150 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Тақдимотда келгуси режалар ҳам маълум қилинди. Жумладан, яқин уч-тўрт йил ичида «Тебинбулоқ» конини ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш, «Сурун-ота» конидаги темир маъданини қайта ишлаш учун қиймати 180 миллион долларлик янги металлургия заводини қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, комбинат ҳудудида «Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки» ташкил этилади. Жорий йилнинг ўзида мазкур паркда умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган олтита саноат лойиҳасини амалга ошириш ва қўшимча 660 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Якунда Президент рамзий тугмани босиб, Қуюв-прокатлаш мажмуаси фаолиятига расман старт берди ҳамда соҳа фахрийлари, комбинат ходимлари ва хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев Бекободдаги янги қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга туширди - Darakchi.uz