АсосийДУНË

Истанбул суди Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарди

Суд қарорига Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб бораётган "Sumud" кемасини тўхтатиб қолгани асос бўлган.

'Истанбул суди Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарди'ning rasmi

Туркиянинг Истанбул олий жиноят суди Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарди. Бу ҳақда Daily News нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, суд қарорига Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб бораётган "Sumud" кемасини тўхтатиб қолгани асос бўлган. Қайд этилишича, кема бортида Туркия фуқаролари ҳам бўлган.

Прокуратура Биньямин Нетаньяху ва Исроилнинг бир қатор юқори лавозимли амалдорларини геноцид, инсониятга қарши жиноятлар, қийноқ ҳамда қасддан тан жароҳати етказишда айбламоқда.

Шунингдек, уларга босқинчилик, мол-мулкни йўқ қилиш, кемаларни ноқонуний ушлаб туриш ва шахсларни қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ айбловлар ҳам қўйилган.

Прокуратура айбланувчиларга нисбатан қаттиқ тартибли жазони ижро этиш муассасасида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўраган.

Маълум қилинишича, бу Истанбул судининг мазкур иш бўйича биринчи қарори эмас. 2025 йил ноябрь ойида ҳам Биньямин Нетаньяху ва Исроилнинг ўнлаб юқори лавозимли амалдорларини ҳибсга олиш учун дастлабки ордерлар чиқарилган. Ўшанда ҳам гуманитар флотилия билан боғлиқ воқеалар ҳамда Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлари ишга асос қилиб олинган.

Шунингдек, 2026 йил апрель ойида Истанбул прокуратураси мазкур иш бўйича айблов хулосасини тайёрлашни якунлаган. Идора Туркия судлари халқаро денгиз ҳуқуқи нормаларига асосан ушбу ишни кўриб чиқиш ваколатига эга эканини билдирган.

    Бошқа янгиликлар

    Истанбул суди Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун халқаро ордер чиқарди - Darakchi.uz