АсосийДУНË

Тожикистон АҚШдан олтита дрон тизимини олди

Дрон тизими учувчисиз учиш аппаратининг ўзи билан чекланмайди.

'Тожикистон АҚШдан олтита дрон тизимини олди'ning rasmi

АҚШ Тожикистон Миллий гвардиясига мамлакат чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида умумий қиймати 2,3 миллион доллар бўлган олтита дрон тизимини топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, дрон тизимларини топшириш маросими 2 октябрь куни ўтказилган. Унда АҚШнинг Тожикистондаги муваққат ишлар вакили Жоэл Ортес ҳамда Тожикистон Миллий гвардияси қўмондонининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Баҳриддин Азаматзода иштирок этган.

Дрон тизими учувчисиз учиш аппаратининг ўзи билан чекланмайди. У ердаги бошқарув станцияси, алоқа каналлари, учириш ва қўндириш ускуналари ҳамда тегишли дастурий таъминотни ҳам ўз ичига олади.

АҚШ элчихонаси маълумотига кўра, мазкур тизимлар Тожикистон Миллий гвардиясига аксилтеррор операцияларини қўллаб-қувватлаш учун узлуксиз мониторинг олиб бориш имконини беради.

“Ушбу ускуна шунчаки ресурсларни топширишдан кўпроқ нарсани англатади. У мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни кўп йиллар давомида ифодалаб келган ишонч, шериклик ва умумий мақсадларни акс эттиради”, деди Жоэл Ортес.

Шунингдек, АҚШ дипломатик миссияси Америка бизнес ҳамжамияти Тожикистонга дрон тизимларидан фойдаланиш ва уларнинг самарадорлигини оширишда ёрдам бериш учун маҳсулот ва хизматлар тақдим этишга тайёр эканини билдирган.

Элчихона маълумотларига кўра, АҚШ 1992 йилдан буён Тожикистонга хавфсизлик соҳасида 600 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатган.

    Бошқа янгиликлар

    Тожикистон АҚШдан олтита дрон тизимини олди - Darakchi.uz