АсосийДУНË

“Дунё Россиянинг ёвузлигидан каттароқ”. Зеленский украиналикларни янги зарбалардан огоҳлантирди

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Россия Украинадаги турли объектларга зарбаларни кучайтирган\.

'“Дунё Россиянинг ёвузлигидан каттароқ”. Зеленский украиналикларни янги зарбалардан огоҳлантирди'ning rasmi

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Украинага янги кенг кўламли ҳужум тайёрлаётгани ҳақида разведка маълумотлари мавжудлигини билдирди. У аҳолини эҳтиёт бўлишга ва ракета хавфи ҳақидаги огоҳлантиришларга дарҳол жавоб беришга чақирди.

Бу ҳақда Зеленский 6 октябрь куни ўзининг Телеграм-каналида эълон қилинган видеомурожаатида маълум қилди.

“Россиянинг кенг кўламли ҳужумга тайёргарлиги бўйича янги маълумотларимиз бор. Сизлардан ўзингизга эҳтиёт бўлишни сўрайман. Ракета хавфи ҳақидаги огоҳлантиришларга дарҳол жавоб беринг”, деди Зеленский.

Украина Президенти мамлакат хизматлари ва Ҳаво кучлари мавжуд мудофаа имкониятлари доирасида эҳтимолий ҳужумга жавоб беришга тайёрлигини айтди.

Унинг таъкидлашича, Россиянинг эҳтимолий янги ҳужумига қарши туришда Украина халқаро ҳамкорларининг ёрдами муҳим аҳамиятга эга.

“Дунёдаги ҳар бир давлат раҳбари ва бизга зарур бўлган мудофаа имкониятларига эга, уларни бизга тақдим эта оладиган ҳар бир давлатнинг роли жуда муҳим”, деди Украина Президенти.

Зеленский, айниқса, АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкор давлатларда Украинага ёрдам бериш учун сиёсий ирода бўлиши муҳимлигини таъкидлади.

“Дунё Россиянинг ёвузлигидан каттароқ, ҳаётни ҳимоя қилиш эса барчамиз ҳамкорлик қилишимиз керак бўлган вазифа”, деди у.

Шунингдек, Зеленский Украинага ёрдам бераётган барча давлатларга миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Россия Украинадаги турли объектларга зарбаларни кучайтирган. Украина томони Россия ҳужумлари, жумладан, аҳоли турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектларига зарба бериш билан давом этаётганини билдириб келмоқда.

    Бошқа янгиликлар