Жанубий Кореяда эркак чиқинди қопидаги кийимлар орасидан 25 миллион вон пул топди. Олти ой давомида маблағ эгаси аниқланмагани сабабли пуллар қонунчиликка мувофиқ уни топган шахсга берилди.
Қайд этилишича, эркак жорий йилнинг 10 февраль куни Инчхон шаҳрининг Гимгок-дон ҳудудидаги турар жой биноси яқинида 20 литрлик чиқинди қопидан кийимларни йиғиб олаётган пайтда пулларни топган.
25 миллион вон кийимлар остига яширилган бўлиб, 50 минг вонлик купюралардан иборат бешта боғламга жойланган. Ҳар бир боғламда 100 тадан банкнота бўлган ва улар Жанубий Корея Марказий банкининг махсус тасмалари билан ўралган.
Эркак топилма ҳақида дарҳол полицияга хабар берган. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари яқин атрофдаги кузатув камераларини текширган, бармоқ излари таҳлилини ўтказган ҳамда пул эгасини аниқлаш мақсадида ўнлаб хонадонларга борган.
Шунингдек, пул топилгани ҳақидаги маълумотлар миллий йўқолган буюмлар портали ва маҳаллий газетада эълон қилинган. Бироқ олти ой давомида ҳеч ким маблағни талаб қилиб чиқмаган.
Жанубий Кореянинг йўқолган буюмлар тўғрисидаги қонунчилигига кўра, йўқолган мол-мулк эгаси оммавий эълон берилганидан кейин олти ой ичида аниқланмаса, топилмани топган шахс унга эгалик қилиши мумкин.
Шу асосда полиция август ойида пулларни эркакка топширган. Бироқ солиқ ва эълон билан боғлиқ харажатлар учун 5,77 миллион вон ушлаб қолинган. Натижада эркакка 19,23 миллион вон берилган. Маблағга 22 фоизлик солиқ қўлланган.
Полиция пулларнинг жиноий фаолият билан боғлиқ эканини кўрсатувчи далиллар аниқланмаганини маълум қилган.






