АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан энергия таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёевга ёқилғи-энергетика соҳасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган муаммоларни куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бартараф этиш юзасидан ахборот берилди.

'Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан энергия таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди'ning rasmi

Тақдим этилган маълумотларга кўра, аҳолини электр энергияси ва газ билан барқарор таъминлашда фуқаролар мурожаатларини таҳлил қилиш, улар асосида ҳудудлардаги муаммоларни аниқлаб, манзилли чоралар кўриш муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг биринчи ярмида ёқилғи-энергетика соҳасига оид жами 39 минг 220 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 минг 820 тага, яъни 26,1 фоизга камдир.


Қайд этилишича, мурожаатларнинг 50 фоизи табиий ва суюлтирилган газ, 38,3 фоизи эса электр таъминоти билан боғлиқ масалаларга тўғри келади.


Фуқаролар асосан суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш, электр таъминотидаги узилишлар, электр тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, табиий газ босими билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилган.


Йиғилишда мурожаатлар сони камайганига қарамай, ҳар бир мурожаатга алоҳида ҳолат сифатида эмас, балки муайян ҳудуд, тармоқ ёки хизмат кўрсатиш тизимидаги камчиликларни кўрсатувчи муҳим сигнал сифатида ёндашиш зарурлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан куз-қиш мавсуми бошланишидан олдин такрорий мурожаатлар келиб тушаётган маҳаллалар ва объектларни хатловдан ўтказиш, электр ҳамда газ тармоқларининг техник ҳолатини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудлар кесимида манзилли режалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.


Айниқса, электр таъминотида узилишлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тармоқлар ва трансформаторларни таъмирлаш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш, табиий газ босими билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётган жойларда эса таъминот барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.


Шунингдек, суюлтирилган газ баллонларини ўз вақтида тўлдириш ва аҳолига етказиб бериш графикларига қатъий риоя қилиш, талаб юқори бўлган ҳудудларда қўшимча захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги таъкидланди.


Президент мутасаддиларга мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларни куз-қиш мавсуми бошлангунига қадар бартараф этиш, бу жараёнда маҳаллий ҳокимликлар, «маҳалла еттилиги» ҳамда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли иш олиб бориш юзасидан топшириқлар берди.


Давлат раҳбари мавсумга тайёргарлик ишларини белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий ва суюлтирилган газ, шунингдек, бошқа ёқилғи ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

    Бошқа янгиликлар

    Мирзиёев куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан энергия таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқ берди - Darakchi.uz