АсосийБУ ҚИЗИҚ

Одамлар иссиқ туфайли йилига 56 соатгача уйқусидан айрилмоқда — тадқиқот

Мутахассисларга кўра, уйқу инсон организмининг нормал фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга

'Одамлар иссиқ туфайли йилига 56 соатгача уйқусидан айрилмоқда — тадқиқот'ning rasmi

Иқлим ўзгариши туфайли тунги ҳароратнинг кўтарилиши одамларни уйқудан маҳрум қилмоқда. Дунёдаги ҳар бир инсон ўртача ҳисобда йилига 50 соатдан ортиқ уйқусини йўқотмоқда. Бу ҳақда "Euronews" хабар берди.

Дунёнинг кўплаб ҳудудларида тропик кечалар сони ортиб бормоқда. Тропик кеча — ҳаво ҳарорати тун давомида ҳам +20 даражадан пастга тушмайдиган ҳолатдир. Бундай иссиқ кечалар инсоннинг тўлиқ дам олиши ва сифатли ухлашига халақит беради.

"Climate Central" ташкилоти 2020–2025 йилларни қамраб олган тадқиқотида дунёнинг 1300 дан ортиқ шаҳридаги вазиятни таҳлил қилди. Натижаларга кўра, деярли барча шаҳарларда иссиқ туфайли йўқотилаётган уйқу ҳажми 1970-йиллар бошига нисбатан камида икки баробар ошган.

Энг катта уйқу йўқотишлари Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида қайд этилган. Ушбу ҳудудларда аҳоли йилига ўртача 55–91 соат кам ухлаган.

1970-йиллар бошида аҳолиси тахминан 500 минг нафар бўлган одатий шаҳарда яшовчилар тунги иссиқ туфайли йилига ўртача 46 соат уйқусини йўқотган. 2020-йилларга келиб бу кўрсаткич 50 соатга, 2020–2025 йилларда эса 56 соатга етган.

Тадқиқот муаллифлари ушбу ўсишнинг асосий сабабларидан бири иқлим ўзгариши эканини таъкидлаган.

Европада қайси шаҳарларда уйқу кўпроқ бузилмоқда?

Европада энг катта уйқу йўқотишлари жанубий ҳудудларда қайд этилган. Жумладан:

— Италиянинг Неаполь шаҳрида — йилига 51 соат;
— Греция пойтахти Афинада — 45 соат;
— Испаниянинг Валенсия шаҳрида — 42 соат;
— Португалия пойтахти Лиссабон ва Франциянинг Марсель шаҳрида — 40 соатдан.

Шимолий Европа мамлакатларида ҳам иссиқ кечалар уйқуга салбий таъсир кўрсатмоқда. Бироқ бу кўрсаткич нисбатан паст. Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида аҳоли йилига 21 соат, Швеция пойтахти Стокгольм ва Финляндия пойтахти Хельсинкида 20 соатдан уйқусини йўқотмоқда. Энг паст кўрсаткич Норвегия пойтахти Ослода қайд этилган — 18 соат.

Мутахассисларга кўра, уйқу инсон организмининг нормал фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга. Тунда организм тикланади, мия дам олади ва тана ўзини қайта тиклайди. Ҳаво ҳарорати пасаймаган ҳолатда эса организм етарлича дам ололмай, стресс ҳолатида қолиши мумкин.

Уйқу бузилиши кайфиятнинг ёмонлашиши, фикрлаш ва хотиранинг сусайиши, иш унумдорлигининг пасайиши, шунингдек, юрак-қон томир ва иммун тизими билан боғлиқ касалликлар хавфининг ортишига олиб келиши мумкин.

Яқинда ўтказилган яна бир тадқиқот иссиқ кечалар 65 ёшдан ошган одамларнинг уйқусига ўрта ёшдагиларга нисбатан икки баробар кўпроқ таъсир қилишини кўрсатган. Шунингдек, аёллар ва иссиқ иқлим шароитида яшовчи инсонлар ҳам юқори ҳарорат таъсиридан кўпроқ зарар кўраётгани айтилган.

Олимларнинг фикрича, глобал ҳароратнинг кўтарилиши давом этар экан, бу тафовут янада кучайиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат меҳнат инспекцияси Ўзбекистондаги барча ҳокимликларни ободонлаштириш ходимларини аномал иссиқда ишлатмаслик бўйича огоҳлантирган эди.

    Бошқа янгиликлар