Кристина Стамболян томонидан яратилган мазкур либос Sotheby’s аукцион уйида сотувга чиқарилади. Кўйлакнинг тахминий нархи 110 мингдан 220 минг фунт стерлинггача баҳоланмоқда.
Диана ушбу қора, елкаси очиқ ва баданига ёпишиб турадиган калта кўйлакни 1994 йил сентябрь ойида, шаҳзода Чарльз ўзининг хиёнатини телевизион интервьюда тан олган куни кийган. Шу сабабли либос оммавий ахборот воситаларида “қасос кўйлаги” номи билан машҳур бўлган.
Кўйлак 1997 йилдан буён илк бор аукционга қўйилмоқда. Декабрь ойидаги савдодан олдин либос Лондон, Гонконг ва Женевада намойиш этилади. Аукцион Нью-Йоркда ўтказилади.
Sotheby’s компаниясининг сумкалар ва мода йўналиши бўйича глобал раҳбари Морган Халими мазкур либос мода доирасидан чиқиб, маданият тарихининг бир қисмига айланган камёб либослардан бири эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, Диана 1997 йилда ушбу кўйлакни хайрия аукционида шахсан сотган. Либос ўша савдода 39 098 фунт стерлингга сотилган ва уни харид қилган оила кўйлакни шу кунга қадар сақлаб келган.
Аслида Диана ўша оқшом учун Valentino брендининг анъанавий кўйлагини кийишни режалаштирган. Бироқ сўнгги дақиқада Стамболян томонидан яратилган қора либосни танлаган.
Дизайнер кейинчалик Диананинг бу танловини “Оққуш кўли” балетидаги қора оққуш Одил образи билан таққослаган.
Диана вафот этганига қарийб 30 йил бўлган бўлса-да, унинг услуби ҳанузгача дунё мода саноатига таъсир кўрсатиб келмоқда.






