АсосийЖАМИЯТ

Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги учта ҳужжатли фильм халқаро телеканалларда намойиш этилди

"Россия 24", "Россия Культура" ва Euronews телеканалларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг яратилиш тарихи ва халқаро аҳамиятига бағишланган ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

'Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги учта ҳужжатли фильм халқаро телеканалларда намойиш этилди'ning rasmi

24 июль куни "Россия 24", "Россия Культура" ва "Euronews" телеканалларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган учта ҳужжатли фильм илк бор эфирга узатилди.

Фильмлар Янги Ўзбекистоннинг йирик маданий-маърифий лойиҳаларидан бири саналган Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши, унинг илмий ва маданий аҳамияти ҳамда халқаро майдондаги ўрни ҳақида ҳикоя қилади.

Жумладан, "Россия 24" телеканали "Мовароуннаҳр цивилизацияси", "Россия Культура" "Ўзбекистон. Янги коинот" ҳужжатли фильмларини намойиш этган бўлса, Euronews Марказнинг ташкил этилиши ва халқаро аҳамиятига бағишланган махсус фильмни эфирга узатди.

Фильмларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ минбаридан илгари сурилган ташаббус асосида Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғояси, унинг қурилиши, ноёб экспозициялари, илмий-тадқиқот фаолияти ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари ёритилган.

Шунингдек, ҳужжатли фильмларда давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли олим ҳамда экспертларнинг Марказ фаолияти ва Ўзбекистоннинг умуминсоний маданий меросни асраш йўлидаги саъй-ҳаракатларига берган юқори баҳолари ҳам ўрин олган.

Учта ҳужжатли фильмнинг бир вақтнинг ўзида халқаро телеканалларда намойиш этилиши Ислом цивилизацияси марказига ва мазкур ташаббусга халқаро қизиқиш ортиб бораётганидан далолат бериши қайд этилмоқда.

    Бошқа янгиликлар