Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса натижасида икки нафар ҳайдовчи ва бир йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 9 октябрь куни соат 13:50 атрофида Себзор кўчасидаги 9-оилавий поликлиника қаршисида содир бўлган.
1985 йилда туғилган Ж.Б. бошқарувидаги FAW русумли юк автомобили ҳайдовчиси оралиқ масофани сақлай олмаган ва бошқарувни йўқотган. Оқибатда у светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган икки дона «Дамас» автомобили ҳамда XCMG русумли автокранга бориб урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар «Дамас» ҳайдовчиси ва бир йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Бошқа жабрланганлар йўқ.






