Республика ва вилоят босқичидаги фан олимпиадалари ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат" йўлланмаси билан тақдирланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июлдаги 406-сон қарори билан тасдиқланган низомда белгиланди.
Ҳужжатга кўра, республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшларга Ўзбекистон ҳудудидаги туристик объектларга 3 кунлик саёҳат йўлланмаси берилади.
Вилоят босқичида ғолиб бўлганлар эса бошқа вилоят ҳудудидаги туристик масканларга 2 кунлик саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади.
Қайд этилишича, саёҳат ташкилотчилари йўлланма эгаларини тадбир бошланишидан камида 10 кун олдин сафар санаси ва унинг ўтказиладиган жойи ҳақида хабардор қилади.
Саёҳат билан боғлиқ харажатлар ташкилотчилар томонидан қопланади. Бунда транспорт хизмати, яшаш ва овқатланиш, гид хизмати асосидаги экскурсиялар, туристик объектларга кириш чипталари ҳамда саёҳат суғуртаси харажатлари ҳам қамраб олинади.






