Хоразм вилоятининг Хонқа туманида мактабгача таълим муассасаси масъуллари электр тармоғига ноқонуний уланиб, 180,5 миллион сўмлик электр энергиясидан тижорий мақсадда фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Хонқа тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда мактабгача таълим муассасаси ҳамда "Х.Д." МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктиргани аниқланган.
Улар муассаса биносида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри уланиб, 180,5 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган. Ф.А. ва А.Х. исмли фуқаролар "Чорсу" маҳалласи ҳудудидаги кўчма савдо дўконида электр тармоғига ноқонуний уланиб, 105,1 миллион сўмлик электр энергиясини ўзлаштиргани аниқланган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






